Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратуранинг “Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор лойиҳаси жойлаштирилди.

Низомга кўра, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликлар таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлаш бўйича текширув Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда текширилган, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги томонидан сертификатланган транспорт воситаси ҳайдовчиси томонидан ҳавога чиқарилган этанол буғларини аниқловчи ва текширув натижаларини қоғозда акс эттирувчи махсус техник восита – алкотестер ёрдамида амалга оширилади.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлигини аниқлаш бўйича тиббий текширув бевосита ДЙҲХХ ходимлари иштирокида туман ва шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими масъул ходимлари томонидан ўтказилади.

Қуйидагилар транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда эканлигини аниқлаш учун текширув ўтказишга асос бўлади:

ҳайдовчининг оғиз бўшлиғидан алкоголли ичимликнинг ҳиди келиши;
ҳайдовчи бир ҳолатда тўғри тура олмаслиги (чайқалиб туриши);
ҳайдовчи нутқининг бузилганлиги;
ҳайдовчи қўл бармоқларининг қалтираши;
ҳайдовчи юз териси рангининг сезиларли ўзгарганлиги.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликлар таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлаш ДЙҲХХ ходими томонидан техник восита ёрдамида қоидабузарлик юз берган жойнинг ўзида амалга оширилади.

Текширув олдидан ДЙҲХХ ходими транспорт воситаси ҳайдовчисини техник воситанинг ишлаш тартиби билан таништиради, зарур ҳолларда ҳайдовчининг талабига асосан техник воситага тегишли ҳужжатларни кўрсатади.

Текширув камида икки нафар холис иштирокида амалга оширилади, ДЙҲХХ ходими томонидан кузатув камераси (body camera)дан фойдаланган ҳолатда амалга ошириладиган текширувлар бундан мустасно.

Текширув жараёнида ДЙҲХХ ходими транспорт воситаси ҳайдовчиси ва бошқа фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала, уларга нисбатан хатти-ҳаракатлари тушунарли ва қонун талаблари асосида бўлиши, шунингдек санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этиши лозим.