«Андижон» клуби икки йиллик танаффусдан сўнг яна Ўзбекистон чемпионатининг юқори дивизионига - Суперлигага қайтди. Кўп йиллар давомида Биринчи Лига деб аталиб келинган қуйи дивизион эса энди Про-лига деб аталмоқда. Яъни, Профессионал Лига.
Маълумот учун айтиш керакки, бу лигада шунчалик «профессионал жамоалар» борки, бундай жамоалар автобусда жой йўқлиги учун шифокор ва етарлича захира футболчиларини меҳмондаги ўйинларга олиб кетолмайди. Яна баъзи жамоалар захирада биттагина дарвозабон билан ўйнаса, бошқалари захира дарвозабони бўлмагани учун посбонликни майдондаги ўйинчилардан бирига «ишониб топшириш»га мажбур бўлади. Ана шундай ажойиб лиганинг 2018 йилги ғолиби аниқланди. Жуда ғалати тарзда аниқланди.

Шахсан менда бу йилги Про-лига жамоаларидан иккитаси яхши таассурот қолдирди: «Шўртан» ва «Истиқлол». Ҳар иккисида ҳам ўзбек футболида донғи кетган футболчилар бўлмаса-да, сифатли футбол намойиш этишди. Ана шу жамоалардан бири «Истиқлол» Про-лиганинг 35-турида «Андижон» меҳмони бўлди. Бу ўйиндан олдин андижонликлар жамоаси 60 очко билан чемпионатда етакчилик қилаётганди. «Истиқлол» ҳисобида эса 54 очко бор эди. 36-турда «Андижон» ва «Машъал» Муборакда ўзаро ўйнашини инобатга олсак, «Истиқлол»да чемпионлик учун имконият йўқ эди. Бироқ Сергей Лебедев шогирдлари «Андижон» уларни енгиб чемпион бўлишини хоҳламагани аниқ.
Эсингизда бўлса, ўтган йил «Манчестер Сити» ўз майдонида «Юнайтед»ни енгиб чемпион бўлиши мумкин эди, бироқ Жозе Моуриньо шогирдлари ҳамшаҳарларини сафар ўйинида мағлуб этиб, уларнинг байрамини ортга суришди. Жозедан танаффусда йигитларингизга нима дедингизки, улар Гвардиола ва жамоасининг байрамини бузишга куч топишди дейишганида «Special One» шундай жавоб берганди: «Анавиларнинг байрам қилаётганини масхарабозга ўхшаб томоша қилишни хоҳлайсизми, дедим».
Яқин ўтмишдаги футболимизнинг ажойиб вакилларидан бири бўлмиш Сергей Лебедев ҳам шогирдлари билан «Андижон»нинг байрамига томошабин бўлишни истамагани аниқ.
«Истиқлол» Андижондаги ўйинда биринчи бўлиб ҳисобни очди. Шу куни «Соғлом авлод» стадионига кўплаб фарғоналик мухлислар ҳам ташриф буюрганди. Уларнинг қўллаб-қувватлашлари остида «Истиқлол» футболчиси 41-дақиқада узоқ масофадан зарба йўллаб, мезбонлар дарвозасини ишғол этди. Биринчи бўлим Лебедев жамоасининг ғалабаси билан якунланди. Иккинчи бўлим бошларида мухлислар бир неча дақиқага 2005 йилга қайтиб қолгандек бўлишди… Япониялик ҳакам Тошимицу Йошида бошқарган Ўзбекистон – Баҳрайн ўйинини назарда тутяпмиз. 50-дақиқада андижонликлар ҳисобни тенглаштиришади. Бироқ дуранг натижа «Андижон»га етарли эмасди. Чунки, 36-турда жамоа Муборакда иккинчи ўринда бораётган «Машъал»га қарши ўйнаши керак. Агар қашқадарёликлар бу «олтин ўйин»да ғолиб бўлишса, чемпионликни илиб кетишлари мумкин эди. Ўз майдонидаги «Истиқлол» устидан қозонилган ғалаба эса андижонликларга муддатидан олдин чемпионликни ҳадя этарди.



















