15 ноябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат»​ СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетининг 2018 йилнинг тўққиз ойлигидаги ижроси ҳамда 2019-2021 йилларга мўлжалланган Бюджетнома лойиҳаси кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси​ ахборот хизмати хабар бермоқда

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 30,01 трлн. сўм режалаштирилиб, ҳақиқатда 28,89 трлн. сўм ёки умумий харажатларнинг 53,4 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 11,8 фоизни ташкил этади. 

Хусусан, ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ёки 47,2 фоизини ташкил этган таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан ажратилган 13, 63 трлн. сўм маблағларнинг мақсадли ишлатилишига депутатлар томонидан жиддий эътибор қаратилди. Боиси, ҳисобот даврида ушбу маблағларнинг тўлиқ ўзлаштирилиши таъминланмаган. Жумладан, мактабгача таълим муассасаларига марказлашган тартибда мебель ва бошқа жиҳозлар сотиб олиш харажатлари, ўқув қўлланмалар ва дидактик материаллар харид қилиш, умумтаълим муассасаларини дарсликлар билан таъминлаш, кам таъминланган оилалардан бўлган болаларга қишки кийимларни харид қилиш учун ажратилган жами 84,6 млрд. сўм миқдорида маблағлар ўзлаштирилмагани фракция аъзолари томонидан ушбу соҳалар ривожига бўлган масъулиятсизлик, дея баҳоланди.

Қайд этилганидек, Соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 25,8 фоизга ўсган бўлиб, фракция аъзолари ушбу соҳада Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган ҳужжатлар ижроси учун режалаштирилган 129,9 млрд. сўм маблағлар ўзлаштирилиши таъминланмагани алоҳида муҳокамага ва эътирозга сабаб бўлди.

Соғлиқни сақлаш тизимида асосий эътибор аҳолининг ҳаётдан розилигини таъминлашга қаратилаётгани билан бир пайтда юқорида қайд этилган бюджет маблағларининг ўз вақтида ўзлаштирилмагани, тизимдаги ислоҳотлар самарасига ўз таъсирини ўтказаётгани таъкидланди.

Муҳокамалар якунида «Адолат»​ СДП фракцияси аъзолари томонидан Давлат бюджети ижросининг 2018 йил 9 ойлиги якунлари бўйича соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан соҳаларидаги юқорида қайд этилган масалалар танқидий баҳоланиб, ушбу йўналишларда йўл қўйилган камчиликларни тўлиқ бартараф этиш ва жорий йил якунига қадар маблағларнинг мақсадли сарфланишига эришиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Ўзбекистон «Адолат»​ СДП фракцияси томонидан 2019 йил учун Бюджетнома лойиҳасига бир қатор масалаларда таклиф ва тавсиялар билдирилди. Жумладан, мактабгача таълим муассасаларини қуриш ва реконструкция қилишни режалаштиришда асосий эътиборни бола қамрови ўртача кўрсаткичдан анча кам бўлган Сурхондарё (13 фоиз), Қашқадарё (24 фоиз) ва Жиззах (24,2 фоиз) вилоятларига қаратиш зарур. Шунингдек, тиббиёт муассасаларини дори-дармон ва тиббий буюмлар билан таъминлашга ажратиладиган маблағларни ҳудудлар кесимида адолатли тақсимлаш тизимини жорий этиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.