Жамият | 11:54 / 16.11.2018
25491
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги боғчада жуда катта миқдорда маблағлар талон-тарож қилингани аниқланди

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги мактабгача таълим муассасаси мансабдор ва моддий жавобгар шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Kun.uz’га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Шайхонтоҳур туман 197-сонли мактабгача таълим муассасасида содир этилган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 2018 йил 20 сентябрь куни туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилган.

Текширув натижасига кўра, 197-сонли мактабгача таълим муассасаси мансабдор ва моддий жавобгар шахсларига нисбатан 22 сентябрь куни Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Билдирилишича, жиноят иши бўйича бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг шаклланиши ва мақсадли сарфланиши, товар моддий қимматликларнинг кирим-чиқим қилиниши ва сақланишини текшириш мақсадида ўтказилган тафтиш натижасида, муассасада 2016-2018 йиллар даврида иш ҳақлари учун маблағлар асоссиз тўлангани ва бошқа қонунбузилиш ҳолатлари оқибатида жуда катта миқдордаги маблағлар талон-тарож қилинганлиги аниқланган.

Ушбу ҳолат юзасидан Мактабгача таълим вазирлигининг Ички аудит ва молиявий назорат ходимлари томонидан 197-сонли мактабгача таълим муассасасида текшириш ўтказилган бўлиб, тўпланган текшириш ҳужжатлари жиноят иши материалларига қўшилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид