Ўзбекистоннинг «Мудофаа тўғрисида»ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси 15 ноябрь куни жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди. У Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги томонидан тайёрланган.
Лойиҳа билан Ўзбекистоннинг ҳарбий-техникавий соҳасидаги халқаро ҳамкорлигини киритиш таклиф этилмоқда.
Ҳужжатга кўра, у Ўзбекистон Қуролли Кучларини энг янги намунадаги қурол-яроғ, ҳарбий ва махсус техника билан таъминлаш заруриятига кўра амалга оширилади.
Қайд этилишича, мудофаа соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
мустақиллик, суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва конституциявий тузумни ҳимоя қилиш;
давлатнинг ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш;
халқаро ва минтақавий ҳамкорлик, Марказий Осиёда хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш;
давлат ҳарбий ташкилотини доимий ривожлантириш, Ўзбекистон Республикасини қуролли ҳимоясига тайёр туришда уни қўллаб-қувватлаш.















