Жаҳон | 15:26 / 19.11.2018
21627
2 дақиқада ўқилади

Санкт-Петербургдаги шифохонадан чақалоқни ўғирлаб кетган Ўзбекистон фуқаролари қўлга олинди

Фото: РИА Новости

Санкт-Петербургда янги туғилган чақалоқни шифохонадан ўғирлашда гумон қилинган Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси қўлга олинди.

Россия Тергов қўмитасининг Санкт-Петербург бўйича бошқармаси матбуот хизмати хабарига кўра, 55 ёшли аёл ва унинг 36 ёшли қизи 20 сентябрь куни ҳамюрти томонидан дунёга келтирилган қиз чақалоқни ўғирлаб кетишган.

Тергов ҳаракатлари давомида чақалоқ гумонланувчиларнинг яшаш жойидан топилган. У ҳозир болалар шифохонасида. 

Эслатиб ўтамиз, 16 ноябрь куни Ўзбекистоннинг 24 ёшли фуқароси Москва тумани полициясига мурожаат қилган. Унинг сўзларига кўра, 20 сентябрь куни Орджоникидзе кўчасидаги туғруқхонада қиз фарзандни дунёга келтирган. Рўйхатдан ўтмагани ва оқибатлардан қўрққани туфайли аёл 36 ёшли ватандошининг ҳужжатларидан фойдаланган. Ҳар икки аёлнинг ташқи қиёфаси жуда ўхшашдир.

Дунёга келган қиз касал экани аниқланди: юрак пороги. Чақалоқни Авангард кўчасидаги 1-сонли болалар шифохонасига олиб боришган. Биологик онанинг сўзларига қараганда, 14 ноябрь куни эрталаб ҳамюрти касалхонага келиб, болани жонлантириш бўлимидан олиб кетган. Унга рад жавоби беришнинг иложи бўлмаган: сабаби ҳужжатлар бўйича айнан у чақалоқ онасидир.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид