15:05 / 19.11.2018
20935

Тошкентдаги боғча мудираси давлат манфаатларига етказган 426 млн сўмлик зарарни қоплаб берди

Шайхонтоҳур туман 197-сонли мактабгача таълим муассасасида содир этилаётган қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан 2018 йил 20 сентябрь куни туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилгани хабар берилганди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг Kun.uz’га хабар беришича, текширув натижасига кўра, 197-сонли мактабгача таълим муассасаси мансабдор ва моддий жавобгар шахсларга нисбатан 2018 йил 22 сентябрда Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Мактабгача таълим вазирлигининг Ички аудит ва молиявий назорат ходимлари томонидан 197-сонли мактабгача таълим муассасасида текшириш ўтказилган бўлиб, тўпланган текшириш ҳужжатлари жиноят иши материалларига қўшилган.

Қайд этилишича, тергов жараёнида давлат манфаатларига етказилган зарарнинг жами миқдори - 426 млн 875,5 минг сўм маблағлар 2018 йил 14 ноябрь куни муассаса собиқ мудираси Н.М. томонидан ихтиёрий равишда тўлиқ қопланган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Top