Европа Миллатлар лигасининг А дивизионида гуруҳ босқичи амалда якунига етди. Кеча оқшом биринчи гуруҳда плей-оффнинг сўнгги иштирокчиси аниқланди.

Германия майдонига сафар қилган Нидерландия терма жамоаси ўйин сўнгида камбэк намойиш этиб, драматик тарзда ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Гельзенкирхендаги учрашувнинг 9- ва 19-дақиқаларида икки ҳужумчи Тимо Вернер ва Лерой Саненинг голлари эвазига мезбонлар деярли бутун учрашув давомида икки тўп фарқи билан ҳисобда олдинда боришди, аммо сўнгги беш дақиқа ичида вазият тубдан ўзгарди. Дастлаб 85-дақиқада Куинси Промес ҳисобни 2:1 кўринишига келтирди, 90-дақиқада эса жарима майдони марказида бўш қолдирилган меҳмонлар сардори Виржил ван Дейк мувозанатни тиклади.

Натижада нидерландлар очколар ҳисоби бўйича Францияга етиб олди ва ўзаро ўйинлардаги устунлик эвазига гуруҳ ғолиблигини қўлга киритди. Рональд Куман жамоаси сўнгги иккита жаҳон чемпионати ғолибларини ортда қолдиришга муваффақ бўлди.

Миллатлар лигаси
Германия – Нидерландия 2:2 (2:0, 0:2)
Голлар: 1:0 – 9 Вернер, 2:0 – 19 Сане, 2:1 – 85 Промес, 2:2 – 90 ван Дейк.
Германия – Нойер, Киммих, Зюле, Хуммельс, Шульц, Сане (Горетцка, 80), Кроос, Керер, Гнабри (Мюллер, 67), Рюдигер, Вернер (Ройс, 63).
Нидерландия – Силлессен, де Лигт, Блинд, Тете, ван Дейк, Депай, де Рон, Промес, Вейналдум (Триндаде, 60), Бабел (Дилросун, 45; де Йонг, 66), де Йонг.
Огоҳлантиришлар: Хуммельс (14), Вейналдум (38), Кроос (52), Киммих (68).

Бунга қадар «А» лигасининг қолган учта гуруҳида ҳам ғолиблар аниқланган, унга кўра Швейцария, Португалия ва Англия термалари ҳам финал босқичи йўлланмасини қўлга киритган эди. Ушбу тўртта жамоа 2019 йилнинг 5-9 июнь кунлари Португалия мезбонлик қиладиган плей-офф учрашувларида қатнашади.