2018 йил 10 декабрь куни Умумжаҳон Инсон ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинганига 70 йил тўлади. БМТ Бош Ассамблеясининг 3-сессиясида қабул қилиниб, ташкилотга аъзо барча мамлакатларга тавсия мазмунига эга бўлган мазкур Декларация Ер сайёрасида яшаётган инсонларнинг барчасига бирдек тегишли бўлган ҳуқуқларини очиқлайди. Бу ҳужжат дунёнинг шу кунгача беш юздан ортиқ тилига таржима қилинган бўлиб, энг кўп таржима қилинган ҳужжатдир. 30 моддадан иборат Декларация Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро қонуннинг таркибий қисми ҳисобланади.

Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон мустақилликка эришган йиллардан Инсон ҳуқуқлари ва фуқаролар эркинликларини таъминлаш борасида айрим ҳаракатларни амалга оширишга ҳаракат қилиб келганига қарамай, бу борадаги халқаро рейтингларда ҳамон ўз позициясини яхшилай олгани йўқ. Обрўли ҳуқуқ ташкилотлари, жумладан Human Rights Watch Ўзбекистоннинг ҳозирги раҳбарияти томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида айрим ишлар амалга оширилаётгани, бироқ бу етарли эмаслиги, инсон ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши билан боғлиқ вазиятни янада яхшилаш учун кўп ишлар қилиниши лозимлигини таъкидламоқда.

Хўш, Инсон ҳуқуқларини белгилаб, изоҳлаб, нималардан иборат эканига ойдинлик киритувчи ҳужжат қандай қабул қилинди? Шундай декларацияни ишлаб чиқиб, қабул қилишга нима туртки бўлди? Умуман, мазкур декларацияга қандай эҳтиёж бор эди? Аслида, туғилишиданоқ ҳур туғиладиган ҳар бир инсоннинг ҳуқуқини дунё миқёсида эътироф этишга қандай зарурат бўлганди?

Инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши кун тартибига чиқарилган бугунги Ўзбекистонда Умумжаҳон Инсон ҳуқуқлари декларациясини тарихини билиш фойдадан холи бўлмайди, албатта.

1939-1945-йиллар оралиғидаги даҳшатли воқеалар, Иккинчи жаҳон уруши вақтида инсониятга қарши амалга оширилган қирғинлар инсоннинг умумэътироф этилган ҳуқуқларини қайд қилиш зарурлигини кўрсатди. 1941 йилда АҚШ президенти Франклин Рузвельт «Мамлакатдаги ҳолат бўйича мурожаат»ида 4та муҳим эркинлик: сўз эркинлиги, виждон эркинлиги, эҳтиёждан эркинлик ва қўрқувдан эркинликни қўллаб-қувватлашга чақирди. Айни шу нарса, тинчлик ўрнатиш ва уруш тугашига имкон берадиган инсон ҳуқуқлари ривожига янги туртки берди.

Дунё афкор оммасига нацистлар Германиясининг концлагерларда содир этган жиноятлари маълум бўлганида, БМТ Низоми инсон ҳуқуқларини керакли даражада изоҳлаб бера олмаслиги, ҳимоя қила олмаслиги аён бўлиб қолди. Шунга биноан Инсон шахсияти ҳуқуқларини бирма-бир санаб берадиган умумий шартнома зарурати пайдо бўлди.