Қариндошлари, яқинлари ва дўстлари уни қандай хотирлайдилар? Кимдир уни елкалари кенг ва доим кулиб турадиган буважон сифатида эсласа, кимнингдир хотирасида у меҳмондўст ва марҳаматли Қаюм дода сифатида сақланиб қолади. Яна кимларнингдир кўз олдида Қаюм Шодиевич кучли, ақлли, бироқ камтарин меҳнаткаш инсон – минглаб ватандошларимиз билан биргаликда Мирзачўлни ўзлаштиришда фаол иштирок этган заҳматкаш муҳандис сифатида гавдаланади.
Эҳтимол, бу исмни эшитган баъзи инсонларнинг кўз олдида Шодиевлар авлодлари: Ҳаким, Наби, Қосим, Фозил, Қобул, Фаттоҳ, Рауплар ҳозир бўлар. Ҳар ким ўз ҳолича ҳақдир.
Мулла Шоди ўғли Қаюм Шодиев ўтган аср бошларида дунёга келган. Камтаргина қишлоқ оиласида ўсиб-улғайган, онасидан эрта айрилган Қаюм отаси қўлида тарбия топган. У болалигидан ўткир ақл ва раҳмдил юрак соҳиби экани билан ажралиб турган.
Унинг келгусида қандай касбни эгаллаши болалигидан маълум эди. Бунга отаси Мулла Шодининг жиззахлик қишлоқ меҳнаткашларининг Мирзачўлни ўзлаштириш, уни гуллаб-яшнаган водийга айлантириш орзулари ҳақидаги иш устидаги суҳбатлари сабаб бўлган, десак муболаға бўлмайди. Тўқимачилик институтини тугатиб, муҳандис-механик сифатида меҳнат фаолиятини бошлаган.
Андижон ва Тошкент вилоятларидаги иккита пахта заводини тиклаш ишларида фаол иштирок этган. 1950 йилдан 1960 йилгача Мирзачўлдаги йирик Жиззах пахта заводида директор лавозимида фаолият юритган.
Қаюм Шодиев 1964 йилда Пахтани қайта ишлаш саноати вазирлиги ҳайъати қарорига мувофиқ Сирдарё вилоятида пахта тайёрлаш ва қайта ишлаш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган. Ўша вақтда эса бу унинг йирик бир республика ривожини белгилаб берадиган иқтисодий ва сиёсий арбоблар қаторидан ўрин эгаллаганини англатарди. Фидокорона хизматлари учун Қаюм Шодиев «Фахрий белги» ордени билан мукофотланган.
1979 йилда Қаюм Шодиев Жиззах вилояти пахта тайёрлаш ва қайта ишлаш бошқармасига раҳбар этиб тайинланди. Вилоятнинг ҳар бир пахта заводида, ҳар бир пахта тайёрлаш пунктида Қаюм Шодиевнинг исталган вақтда ташриф буюриб қолишини ва бунда дарҳол ўзгаларнинг кўрсатмаларисиз бажарилган ишлар ҳақида, қанча хомашё келиб тушгани, қанча пахта толаси чиқарилгани ҳақида аниқ ва тўғри ҳисобот бериш талаб этилишини яхши билар эдилар. У бефарқ ва билимсиз инсонларга тоқат қилолмас эди. Ўзи ҳам табиатан серғайрат, кучли иродага эга, хотирасида юзлаб сонларни, саналарни, исм-шарифларни сақлаб турадиган қобилиятли инсон бўлган. Қўл остидагилардан ҳам фикрни бир ерга жамлай олишликни, ташаббускорликни, кутилмаган вазиятларда ечим топишга қодир бўла олишни талаб қилган.
Қаюм Шодиевнинг заҳматкаш ўзбек халқининг асл ўғлони сифатида чўл-даштларни обод қилиб, гуллаб-яшнаган водийга айлантиришдаги хизматлари жуда катта. У фақат дарахт экиш билан чекланмай, фахрланса арзийдиган етти ўғилни тарбиялаб вояга етказди – барчасини оёққа турғазди, илмли қилди, таълим берибгина қолмай, уларга яхши инсон, ватанига фидойи бўлиш каби муҳим фазилатни сингдирди.











