Ажали етган бу ҳамюртларимиз турли жойларда вафот этганида уларнинг ўлими ҳақида билмаган ҳам бўлардик. Аммо Яратган уларни битта автобусда жамлаб, кўзимиз учун мудҳиш бўлган кўринишда жонини олди – сесканишимизни ва мотам тутишимизни ирода этди. Бизнинг – жамиятнинг юзига ойна тутди.

Сескандик, мотам тутдик. Президент зўрға кўз ёшини тутиб турганини кўриб кўзимиз ёшланди.

Аммо, кейин ойнага қарадикми?

Воқеликнинг чинқирган овози

Жойи келса, мантиқсизлик матосига ўралиб қолганидан норози бўлган воқелигимиз овоз чиқариб чинқираб юбораётгандек туюлади. Қалбимиз ва ақлимиз эшигини қаттиқ тақиллатиб, ўзимизни ўзимиз хароб қилаётган нуқталаримизга очиқ-ойдин ишоралар бераётгандек бўлади. Аммо биз, ўз одатимизча, қулоқларимиз ва кўзларимизни ёпиб олиб, на эшитишни, на кўришни истаймиз.

Инсон қадрига нисбатан муносабатимиз бироз бўлса-да ўзгардими? Ёки биз учун бу фоний дунёда ҳали-ҳануз инсон қадридан улуғроқ нимадир борми? Бутун бошли коинот инсон учун яралгани муқаддас сатрларда битилганини, Байтуллоҳ – Аллоҳ таолонинг уйи деб аталмиш Масжид-ул Ҳаром биносидан-да инсон шаъни улуғроқ экани айтилганини биламизми, ёки билмай ўтиб кетамизми? Ёки буни ҳазилга йўймоқдамизми?

«Ва сизга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни — ҳаммасини Ўз томонидан бўйсундириб қўйди. Албатта, ана шунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-белгилар бордир». (Жасия сураси, 13-оят)

«У сизлар учун ер юзидаги барча нарсани яратган зот. Сўнгра осмонга юзланди ва уларни еттита қилиб тўғрилади. Ва У ҳар бир нарсани билувчи зотдир». (Бақара сураси, 29-оят)

«Эсла, фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» деганимизни. Бас, сажда қилдилар, магар Иблис бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди». (Бақара сураси, 34-оят)