Спорт | 14:32 / 22.11.2018
27683
3 дақиқада ўқилади

Осиё Чемпионлар лигасига қуръа ташланди

Фото: ОФК

ОФКнинг Куала-Лумпурдаги бош қароргоҳида Осиё Чемпионлар лигаси ва ОФК Кубогининг 2019 йилги мавсуми учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.

Келгуси мавсум учун Ўзбекистон клубларига 1+2 шаклида йўлланма ажратилган. Яъни Суперлига ғолиби тўғридан-тўғри гуруҳ босқичига чиқса, чемпионатда иккинчи ўринни эгаллаган жамоа ва кубок соҳиби ўтиш ўйинлар ва плей-офф орқали асосий босқичга йўл олиши мумкин.

Қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон чемпиони ОЧЛ «B» гуруҳидан жой олади. Ушбу квартетдан, шунингдек, Ал-Иттиҳод (Саудия Арабистони),  Ал-Ваҳда (БАА) ва плей-офф ғолибларидан бири (Қатар, Эрон ёки Ҳиндистон) ўрин эгаллайди.

Суперлиганинг кумуш медали эгаси саралашдан ўтиш учун 12 февралда сўнгги уч йилдан буён кетма-кет ОФК Кубогида ғолиб чиқаётган «Ал-Қува Ал-Жавия» (Ироқ) клубини мағлуб этиши, натижа ижобий бўлса, бир ҳафта ўтиб БААнинг «Ан-Наср» жамоасидан устун келиши талаб этилади. Ўзбекистон вице-чемпиони ана шу плей-оффдан ўта олса, D гуруҳига тушади ва «Персеполис» (Эрон), «Ал-Аҳлий» (Саудия Арабистони) ва «Ас-Садд» (Қатар) клублари билан кураш олиб боради.

ОКМК ҳам Ўзбекистон кубоги соҳиби сифатида ўтиш ўйинларида қатнашади. Гуруҳ босқичида қатнашиш учун олмалиқликлар дастлаб 12 февраль куни Тожикистон чемпиони «Истиқлол»ни енгиши, ундан сўнг 19 февралда Саудия Арабистонининг «Ал-Наср» жамоаси устидан ғалаба қозониши керак. ОКМК ушбу иккита тўсиқдан ўта олса, Чемпионлар лигасининг «А» гуруҳида курашни давом эттиради. Бу квартетдан «Ал-Васл» (БАА), «Ал-Завра» (Ироқ) клублари, шунингдек, саралашдан ўтган Қатар, Эрон, Иордания ва Кувайт жамоаларидан бири ҳам ўрин олади.

ОЧЛга ўтиш ўйинлари
12 февраль

Ўзбекистон вице-чемпиони – «Эйр Форс» (Ироқ)
ОКМК – «Истиқлол» (Тожикистон)

19 февраль
«Ал-Наср» (БАА) – Ўзбекистон вице-чемпиони / «Эйр Форс» (Ироқ)
«Ал-Наср» (Саудия Арабистони) – ОКМК / «Истиқлол» (Тожикистон)

Мавзуга оид