Жаҳон | 16:01 / 22.11.2018
39915
3 дақиқада ўқилади

«Такаббурлик». Хитой АҚШга кескин жавоб қайтарди

Фото: AP Photo / Andy Wong

АҚШ президенти ҳузуридаги иқтисодий маслаҳатчилар кенгаши раиси Кевин Хассетнинг Хитой Жаҳон савдо ташкилотидан (ЖСТ) чиқариб юборилиши ҳақидаги баёноти бемаъни ва Қўшма Штатларнинг такаббурлиги исботидир. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Гэн Шуан пайшанба куни брифингда маълум қилди.

«Жаҳон савдо ташкилоти - кўп томонлама ташкилот, унинг барча аъзолари бир хил. АҚШ Хитойни ЖСТ аъзолигидан бир томонлама маҳрум этиш ҳуқуқига эга эмас. Бундай баёнот Қўшма Штатларнинг такаббурлигини кўрсатади», - дея маълум қилди дипломат.

Гэн Шуан
Фото: Andy Wong / AP

«Ҳозирда Қўшма Штатлар Хитойни ЖСТ аъзолигидан маҳрум қилиш кераклиги ҳақида гапирмоқда. Эртага улар қайси мамлакатни чиқариб юбориш ҳақида бонг уришаркин?» - дея савол билан мурожаат қилган ташқи сиёсат идораси расмий вакили. «Агар менинг хотирам панд бермаса, Қўшма Штатлар бундан аввал ЖСТдан чиқиб кетишни истаганди, энди улар Хитойни ташкилот аъзолигидан чиқариб ташлаш кераклиги ҳақида гапиришмоқда. Бу бемаънилик», - дея таъкидлаб ўтди ТИВ вакили.

Шунингдек, Гэн Шуаннинг эслатишича, сўнгги вақтларда айнан Қўшма Штатлар ЮНEСКО, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши, Бутунжаҳон почта иттифоқи каби ташкилотлардаги ўз аъзолигини тўхтатди. «Халқаро ҳамжамият Америка Қўшма Штатларини тегишли ташкилотлар ва битимлардан чиқиб кетгани учун қоралайди», - дея маълум қилди у.

Дипломатнинг таъкидлашича, Хитой ҳар доим очиқ жаҳон иқтисодиётини қуриш ва кўп томонлама савдо тизимини яратишга содиқ бўлган. «Жорий йилнинг июль ойида ЖСТ Хитой савдо сиёсатининг еттинчи шарҳини эълон қилди, унда мамлакат томонидан кўп томонлама савдо тизими қўллаб-қувватланаётгани ва ХХРнинг ЖСТдаги ўрни ўсишига юксак баҳо берилди», - дея хулоса қилган ТИВ вакили.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ вице-президенти Майк Пенс савдо уруши қандай шартда тўхтатилишини айтганди.

Мавзуга оид