
Korzinka.uz ва Redtag дўконларида Payme GO контактсиз тўловлари ишга тушди. Шунингдек бир ой давомида пулли ютуқлар акцияси ўтказилади.
Контактсиз тўловлар ҳақида кўпчилигимиз эшитганмиз, аммо амалда уни ишлатиб кўрганлар орамизда кам. Payme ҳамда korzinka.uz ҳамкорликда korzinka.uz ва Redtag дўконларида контактсиз тўловлар қабул қилишни йўлга қўйишди. Расман хизмат 23 ноябр куни ишга тушганлиги эълон қилинди ва Payme GO орқали тўловни амалга оширган ҳар бир абонент Payme томонидан ўтказиладиган акция доирасида пул ютуқлари ўйини иштирокчисига айланиши маълум қилинди.

Саволларга Payme компаниясининг асосчиси Сарвар Рўзматов жавоб беради:
- Контактсиз тўловлар хизматимизни Payme GO деб номладик. Биз бу хизматни 2017 йилда бир нечта алоҳида савдо масканларида ишга тушириб кўргандик. Энди эса уни энг йирик савдо дўконлар тизимида ишга тушиши нафақат бизнинг компаниямиз учун, балки мамлакатимиздаги контактсиз тўловлар соҳасида ҳам катта қадам ҳисобланади. Биз korzinka.uz ҳамда Redtag мижозларини яқиндан ўрганиб чиқдик ва айнан улар ушбу йўналишнинг ривожланишида асосий туртки бўлишларига умид қиламиз.
Payme GO қандай ишлайди?
- Контактсиз тўловни амалга ошириш учун мобил телефонга Payme иловасини юклаб олиш керак. Иловани очгандан сўнг меню бўлимида Payme GO хизматини танлаш лозим. Шунда телефон экранида QR код пайдо бўлади. Ушбу QR кодни кассадаги сканерга яқинлаштирганда тўлов суммаси автоматик тарзда картадан ечилади. Барча чеклар тўловлар тарихида сақланади. Айтгандек, хизмат интернетсиз ҳам ишлайверади.

Бу қанчалик хавфсиз?
- Хизмат бутунлай хавфсиз ҳисобланади. Ҳар 30 сонияда янги QR код ҳосил қилиниб, бу экранни расмга олиб ушбу кодни қайта ишлатилишига йўл қўймайди. Шунингдек хизмат халқаро PCI DSS сертификатига эга.


















