Визуализация нима?
Визуализация – мақсаднинг тасаввурдаги образини яратиш. Нимага эришишни исташингизни, буни қандай амалга оширишни тасаввур қиласиз.
Кўпчилик визуализацияни келажак ҳақидаги яхши умидлар сифатида қабул қилади. «Истаклар тахтасини ярат ва унга қара». Бундай стратегияга бир муҳим жиҳат – ҳақиқат билан боғлиқлик етишмайди. Агар чиройли уйда яшашни тасаввур қилиб, унга эришиш учун қандай қилиб пул ишлашни ўйламасангиз, орзу орзулигича қолади.
Самарали визуализация истак объекти ва унга эришиш ҳаракатларини ўз ичига олади. Мақсадингизга эришиш учун ҳар бир қадамни тасаввур этишингизга тўғри келади: қайси йўналишда ишлайсиз, қандай тўсиқларни енгишингиз лозим ва буни қандай амалга оширасиз. Бу оддий орзулар каби у қадар ёқимли эмас, бироқ кўплаб соҳаларда ҳақиқий натижаларга эришишда ёрдам беради.
Визуализацияни нима учун қўллашади?
Опра Уинфри, Жим Керри, Уилл Смит каби кўплаб муваффақиятли кишилар визуализацияни муваффақиятларининг бир қисми деб ҳисоблашади.
Спорт руҳиятшунослари визуализация атлетлар кўрсаткичларини яхшилаш, қўрқувни енгиш ва жароҳатлардан кейин тезроқ тикланишда ёрдам беришини қайд этишади. У шифокорларга хатоларнинг олдини олиш, полициячиларга – зўриқишни камроқ ҳис этиш, мусиқачиларга – тезроқ ва яхшироқ чалишда ёрдам беради.
Руҳиятшунослар визуализацияни қуйидаги йўналишлар учун қўллашни тавсия этадилар:
янги кўникмаларга эга бўлиш;
мураккаб мақсадларга эришиш;
ўзини назорат қилиш ва ишонч ҳиссини ошириш;
зўриқиш вақтида хотиржамликка эга бўлиш;
янги режа ва стратегияларни ишлаб чиқиш.
Рационал кишилар бу техникага ишонмасликлари мумкин. Чунки у илмга асосланмагандек кўринади. Аслида, визуализация юқори онгга боғлиқ эмас. У одам миясига таъсир кўрсатади, илмий маълумотлар ҳам буни тасдиқламоқда.
Визуализация мияга қандай таъсир кўрсатади?
Олимлар мия тасаввур ва ҳақиқатда содир бўлаётган нарсаларнинг фарқига бормаслигини аниқлашган. Бирор нарсани ёдга олганда ёки келажакдаги ҳаракатларни тасаввур қилганда миямизда ҳақиқий вазиятда бўлгандаги кимёвий моддалар ажралади.
















