Биламизки, ўзбек тили турли тарихий даврлар ва тузумлар ҳукмронлиги давомида турлича - 1929 йилгача араб ёзуви асосида, сўнг 1929 – 1940 йиллар оралиғида лотин ёзуви асосида, 1940 йилдан бошлаб то 1993 йилгача кирилл ёзуви асосида, 1993 йилдан бошлаб эса яна лотин ёзуви асосида ишлатиб келинмоқда.
Катта авлод вакиллари ҳамон кирилл ёзувидан фойдаланаётган бўлса, мактаб таълимини 1994 йилдан бошлаган ва саводи лотин ёзувида чиққан ёш авлод эса, табиийки, лотин ёзувидан ўзи билганича фойдаланиб келяпти.
Лотин ёзувида ёзаётган аҳоли қатламининг бир қисми уни имло қоидаларига риоя қилган ҳолда ишлатаётган бўлса, бошқа қисми ёзувни ўзи учун қулайлаштириб, кирилл ёзувидаги ҳарфлар билан алмаштириб ёзиб келади.
1993 йилда Ўзбекистон Республикасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида» Қонуни, мазкур қонуннинг ўзига ўзгартиришлар киритиш ҳақида 1995 йил 6 майда Қонун қабул қилинган бўлса-да, лотин ёзувига тўлиқ ўтиш узил-кесил ҳал бўлмагани сабаб жамият аро йўлда сарсон.
2018 йилнинг май ойи ўрталарида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Президентнинг ўша вақтдаги давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов имзолаган Ҳаракатлар режасида Ўзбекистон ҳукумати лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш қоидаларининг истисносиз ва сўзсиз бажарилишини таъминлаш чораларини кўриши ҳақида сўз боради.
Бунга қадар ҳам турли платформаларда лотин ёзувидаги ўзбек алифбосини такомиллаштириш бўйича турли таклиф ва фикрлар илгари сурилган, айни кунга келиб эса бу борадаги муҳокамалар яна кучайди, чунки 2019 йилнинг январь ойига қадар юқорида келтирилган қонун моддаларининг истисносиз бажарилишини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий механизмлар ишлаб чиқилади.
Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш, ундаги баъзи ҳарфларни ўзгартириш борасидаги муҳокамалар кундан-кунга қизимоқда. Kun.uz сайти алифбога киритилажак ўзгартиришлар ва у билан боғлиқ ўзгариш келтириб чиқариши мумкин бўлган масалаларнинг техник томонлама ечими, жамиятга таъсири, бу масалада олиб борилаётган ишлар тўғрисида мутахассис ва блогерларнинг муносабати билан қизиқиб кўрди.

Ҳамза Фозилжонов,
АКТ соҳасида таржимон
Таржима матнлар билан кўп ишлаганим боис, алифбо ва имло қоидалари билан боғлиқ турли муҳокамаларга бефарқ тура олмайман. Жамиятда алифбога ўзгартириш киритишни ёқламайдиганлар қатлами ҳам шаклланиб қолган. Жуда кўп кишилар матн билан ишлашда ҳарф белгиларидан хато фойдаланади, чунки бунга алифбо йўл бермайди. Айниқса O‘ , G‘ ва тутуқ белгиси пухта ўйлашсиз киритиб қўйилганки, уларни тўғри ёзиш учун турли хил мураккаб комбинациялардан фойдаланишга тўғри келади ёки одамлар ўзларига қулай белгидан фойдаланиб ёзаверишади.




















