Жамият | 14:46 / 27.11.2018
5139
2 дақиқада ўқилади

Давлат статистика қўмитаси қилинган ишлар юзасидан ҳисобот берди

27 ноябрь куни соат 11:00да Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Миллий иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида ислоҳотларнинг боришини тавсифловчи статистик ахборотларнинг объективлиги ҳамда долзарблигини янада такомиллаштириш йўналишлари ва истиқболлари» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Анжуманда иштирок этган қўмита қатнашчиларининг сўзларига кўра, расмий статистика маълумотларининг максимал даражада очиқлиги, ошкоралиги ва шаффофлигини таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда. Ўз навбатида, Давлат статистика қўмитаси томонидан 2017 йилнинг 1 ноябридан бошлаб, www.stat.uz расмий сайтининг янгиланган шакли ишлаб чиқилди ва ишга туширилди. Сайтнинг янгиланган шакли фойдаланиш учун қулай бўлган интерфейсда яратилган. Унда фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида статистик маълумотлар бир бўлимда яхлитланган, таҳлилий маълумотлар ва пресс-релизлар нашр этилиши йўлга қўйилган, барча маълумотлар уч тилда (ўзбек, рус ва инглиз) жойлаштириб борилади.

Бундан ташқари, тадбирда Давлат статистика қўмитасининг Facebook ижтимоий тармоғида саҳифаси ва Telegram мессенжерида гуруҳи очилгани айтиб ўтилди.

Шунингдек, кичик корхоналар, микрофирмалар, деҳқон ва фермер хўжаликлари статистик кузатувлари такомиллаштирилди, иқтисодиётнинг турли тармоқларида норасмий фаолиятни иқтисодиётнинг турли секторларида мунтазам статистик кузатувлари тизими кенгайтирилди, инфляция даражасини ҳисоблаш ва мониторингининг янги услубияти жорий этилди, «Миллий ҳисоблар тизими — 2008» тавсиялари асосида ҳисобнинг услуб ва услубиятлари такомиллаштирилгани ҳақида журналистларга айтиб ўтилди.

Мавзуга оид