27 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги «Ўзекспомарказ»да биринчи «Made in Uzbekistan» экспорт кўргазма-ярмаркасига старт берилди. Кўргазма Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ташаббуси билан «Ўзекспомарказ» АЖ МКМ ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, 30 ноябрга қадар давом этади.

«Made in Uzbekistan» кўргазмасининг асосий мақсади – маҳаллий корхоналар томонидан экспорт учун ишлаб чиқарилган маҳсулотларни намойиш этиш, экспорт контрактлари тўпламларини олдиндан шакллантириш, Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан барқарор ва узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш.
Кўргазмада 150дан ортиқ маҳаллий корхонанинг текстиль, чарм-пойабзал маҳсулотлари, гиламлар, мева-сабзавотлар, электротехника ва кабель маҳсулотлари, автомобиль ва қишлоқ хўжалиги техникаси, металлургия, нефть-кимё ва бошқа турдаги тайёр маҳсулотлари намойиш этилмоқда.























