Жаҳон | 15:48 / 27.11.2018
20786
2 дақиқада ўқилади

Порошенко Украина учун устувор вазифани айтди

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Украина президенти Петро Порошенко Керч бўғозидаги ҳодисадан кейин мамлакат учун устувор вазифани маълум қилди. Бу ҳақда твиттердаги ўз саҳифасида ёзган.

Постда давлат раҳбари қўллаб-қувватлов учун Украина шерикларига миннатдорчилик билдирди.

«Бугун Кремлга босим ўтказиш бизнинг устувор вазифамизга айланиши даркор», - дея маълум қилди Порошенко.

Унинг аниқлик киритишича, бундай босим 23 нафар ҳарбий ва учта кемани Украинага қайтаришга ёрдам бериши керак.

25 ноябрь куни ФХХ Украинанинг учта ҳарбий кемаси Россия ҳудудий сувларига киргани ҳақида хабар қилди. Кемалар Одессадан Мариуполга йўл олаётган бўлган, лекин уларни Керч бўғозидан ўтказишмади. Украина томонининг билдиришича, аввал Россия кемалар келиши ҳақида хабардор этилган, ФХХ бунинг аксини иддао қилмоқда.

Шу куниёқ Украина ҳарбий-денгиз кучлари Россия катерлари мамлакат кемалари гуруҳи Керч бўғозидан чиқиб кетаётганида унга қарата ўт очганини маълум қилди. Россия чегарачиларининг бундай хатти-ҳаракати туфайли олти нафар денгизчи яраланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ Хавфсизлик кенгаши фавқулодда йиғилишда Россиянинг Керч бўғозидаги вазиятга оид масалани кўриб чиқиш ташаббусини блоклаб қўйганди.

Мавзуга оид