У бир вақтлар 10 млрд доллар бойлиги борлигини эълон қилганди. Шунингдек, АҚШ президенти учун мўлжалланган йиллик 400 минг доллардан хайрия фойдасига воз кечиб, рамзий 1 доллар учун ишлайди. У тарихга АҚШнинг энг бой президенти сифатида кирган.
Бу таърифларнинг эгасини яхши биласиз – АҚШнинг амалдаги президенти, миллиардер Дональд Трамп.
Жуда кўпчилик Трампнинг муваффақият сирига қизиқади. Унинг ўзи муваффақият калити сифатида яхши оилада туғилиш ва вояга етишни кўрсатади. Лекин Дональд Трампнинг оламшумул шуҳрат қозониши, «дунёдаги биринчи рақамли амал» дея таърифланувчи АҚШ президентлигини эгаллашига сабаб ўзини муносиб даражада ва ортиғи билан кўрсата олганида. Дунёда минглаб миллиардерлар, маблағи Трампникидан ўнлаб баробар кўп бойваччалар бор.
Лекин Трамп битта!
Президентлик ўз йўлига, бойлик ўз йўлига эканлигининг яққол исботини Трамп бу амалда ўтказган илк йилидаёқ яхшигина англаб етди. Чунки бир йил ичида унинг пуллари 400 млн долларга камайди, Forbes рейтингида 10 ўрин пастлаб кетди, «бор йўғи» 3,1 млрд бойлиги қолди. Бунинг асосий сабаби шунда эдики, бир вақтлар барча ҳамкорлар унга бироз калондимоғлар бўлсада, узоқни кўра билувчи бизнесмен сифатида ёндашган бўлишса, энди унинг ёнига «АҚШ президенти» деган атама ҳам қўшилди. Сиёсат эса тусланишга мойил соҳа – бугун президент учун жонини беришга тайёр бўлганлар эртага уни ерга уриб ташлашдан ҳам тоймайдилар. Шундай экан, Трамп номи билан боғлиқ ҳар қандай лойиҳа катта таваккалчиликка айланиб қолади.
Мисол учун, АҚШнинг турли бурчакларида Трампга тегишли гольф клублар фаолият юритади. Трамп ғолибликни қўлга киритган штатларда ҳаммаси кўнгилдагидек – даромадлар барқарор ва қисман ўсган. Аммо Трамп мағлуб бўлган штатларда тескариси – даромадлар 4-5 фоизга пасайган.
Нью-Йорк марказидаги 5-авенюда жойлашган Trump Tower осмонўпар биноси ва Трампга тегишли бошқа иншоотлар баҳоси сўнгги йилларда анча пасайди. Биргина Trump Tower биносининг ўзи 41 млн долларга арзонлашган. Иккинчи бинодаги ижарачилар ҳам шартномани узайтиришга шошилмаяпти. Уларнинг энг машҳури ва катта даромад келтираётгани Nike компаниясининг 6000 кв.м.ли дўкони эди. Аммо Nike интернет савдоси ўсиб бораётгани ортидан анъанавий дўконларни қисқартириш режасига кўра ижара шартномасини узайтирмасликка қарор қилган.
















