Кўчат экиб, боғ яратиш, юртимизни боғу бўстонга айлантириш халқимизнинг эзгу қадриятларидан бири. Шу боис ҳам ҳар бир инсон ерга ниҳол қадаб, боғ яратишга интилади. Йиллар давомида парваришлайди, мева бера бошлагач, бундан ўзгача завқ олади. Аммо бир неча йил парваришлаб, эндигина ҳосилга кирган мевали дарахтлар боғи бузиб ташланиши ҳақида эшитса, ҳар қандай инсон ҳам қилган меҳнатига, кўзни яшнатиб турган боғига ачинади, албатта.

Kun.uz таҳририятига Бухоро вилояти, Вобкент туманидаги «Сўфидеҳқон» маҳалласи аҳолисидан келган мурожаат айнан шу мазмунда. Ушбу мурожаат жойида ўрганилди.

Маълум бўлишича, ушбу маҳалладаги хўжаликларга давлат томонидан 1989 йилда қўшимча томорқа сифатида 7-10 сотихдан ер ажратилган. Аҳоли шу кунга қадар ушбу ерлардан фойдаланиб келади. 200дан зиёд хўжалик бу ерларда боғ яратган. Боғдаги меваларни бозорга олиб чиқади, даромад олиб, рўзғорини тебратади.

Бироқ, яқинда Вобкент тумани ҳокимининг ушбу боғлар бузилиши ва ерлар қайтариб олиниши ҳақидаги буйруғи маҳалла аҳолисини ташвишга солди.

«Яқинда туман ҳокимлигида йиғилиш бўлиб ўтди ва ҳоким ерларни қайтариш, боғларни бузиш ҳақида топшириқ берди. Шу топшириқ асосида 20 ноябрь куни маҳаллада йиғилиш ўтказдик ва аҳолига ҳокимнинг буйруғини етказдик. Аҳоли бундан норози бўлмоқда. Туман ҳокимига бу борада қарор борми, аҳолига қандай асослаймиз, деганимизда, ҳоким «Ким норози бўлса, менга учрашсин, ўзим тушунтираман», деб жавоб берди. Ҳозир аҳолига боғларидаги мевали дарахтлар кўчирилиши кераклигини айтаяпмиз», – дейди «Сўфидеҳқон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Улуғбек Муҳаммадиев.

Боғларни кўздан кечирдик. Боғларда олма, шафтоли, ўрик, гилос каби турли мевали дарахтларни кўриш мумкин. Ҳар бир мева туридан алоҳида боғлар қилинган. Айримлари шу йил, баъзилари эса бир-икки йилдан буён ҳосил бермоқда.

«2009 йилгача бу ерларга қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экардик. Сув масаласи муаммо бўлгандан кейин менга ажратилган ерга гилос экдим. Неча йиллар парваришлаб, боғ яратдим. Ўтган йилдан буён даромад ҳам ола бошладик. Аммо неча йиллик меҳнатимиз сингган боғимиздан ва даромадимиздан бир зумда айиришмоқчи», – дейди шу маҳаллада истиқомат қилувчи Мусо Холматов.