Неймар ЕЧЛда энг кўп гол урган бразилиялик футболчига айланди
Чемпионлар лигаси 5-турининг энг аҳамиятли воқеаси - «Ливерпуль»нинг «ПСЖ» майдонида таслим этилиши бўлди. Биринчи бўлимдаги 2:1 ҳисоби ўйин охиригача ўзгармай қолди.
Париждаги баҳсда мезбонларнинг иккинчи голига Неймар муаллифлик қилди. 37-дақиқада Мбаппе узатган тўпни Кавани дарвозага йўллагач, Алиссон бу зарбани бартараф эта олди, аммо дарвозабондан қайтган тўп Неймарнинг оёқларига келиб тушгач, у нишонда адашмади ва ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди.
Бу Неймарнинг энг асосий еврокубокдаги 31-голи бўлди. Бу натижа билан у ўз юрти футболи тарихида янги саҳифа очди, чунки бунга қадар ЕЧЛда голлари сонини 30тадан ошириш ҳали ҳеч қайси бразилиялик ўйинчига насиб этмаган эди. У бу борада «Милан» ва «Реал»нинг собиқ аъзоси Какани ортда қолдирди. Учинчи ўринни 27та гол билан Ривалдо банд этган.
Жаҳоннинг энг қимматбаҳо футболчиси 5 йил олдин ЕЧЛдаги дебютини «Барселона» сафида ўтказган, 2013 йил декабрида мусобақадаги илк ҳет-тригини ҳам расмийлаштирган эди. Ҳужумчи бу мавсум «Црвена Звезда» билан ўйинда иккинчи маротаба ҳет-трик қайд этди.
Умуман, Неймарнинг ўз фаолияти давомида Чемпионлар лигасида 52та ўйин ўтказиб, уларда 50та голнинг бевосита иштирокчиси бўлди: ўзи 31та гол уриб, 19та голга ассистентлик қилди.
Қўшимча сифатида айтиш керак, 26 ёшли ҳужумчи Бразилия термаси учун яна 18та гол урса, «пентакампеонлар»нинг энг яхши тўпурари афсонавий Пелени ҳам ортда қолдиради.
Неймар ушбу ютуқни «ПСЖ» мухлислари ўтирган сектор ёнида Алиссоннинг футболкасини кийган ҳолда нишонлади.