2017-2018 йилларда «Ўзбекистоннинг муқобил энергия манбаларининг истиқболлари» лойиҳаси раҳбари, Германиянинг «Қуёш энергияси ассоциацияси» аъзоси ва «Александер Гумбольдт» жамғармаси вакили, Карлсруэ Технология институтида «ThinkTank» лойиҳаси раҳбари, «Буюк келажак» эксперт кенгаши аъзоси Равшан Хўжанов энергетика соҳасидаги муаммолар борасида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

«Ўзбекэнерго» муаммолари ва етарли қувват етишмаслиги

Ўзбекистон энергетикасида бугунги кундаги вазият бирмунча оғир ҳолатда. Ўрнатилган қувват қоғозда 12 ГВтни ташкил этса-да, амалда 10 ГВтга тенг, бизга эса тахминан 15-20 ГВт қувват лозим.

Авваламбор, ишлаб чиқарувчидан истеъмолчига етиб борадиган электр энергия йўқотишларининг олдини олиш керак. Мисол учун, АҚШ ва Ғарбий Европада бу йўқотишлар 5 фоизни ташкил этади, бизда эса 20 фоиз.

Совет тузумидан қолган баъзи технологиялар маънан эскирган. Уларни замонавий тежамкор самарадор технологияларга алмаштириш керак. Ундан ташқари, аҳолининг энергиядан ноқонуний фойдаланишининг олдини олиш керак. Аҳолига эса, ўз навбатида, ширкатлар тарафидан сифатли ва ўз вақтида хизмат кўрсатилишни йўлга қўйиш керак.

Ўзбекистонда электр энергияни сотиш, уни ишлаб чиқариш ва истеъмолининг аниқ бир механизми, соҳани ривожлантириш низоми йўқ. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги «Ўзбекэнерго» давлат акционерлик компаниясига айлантирилгандан кейин, унинг ваколатлари бирмунча қисқарди. Натижада, нарх навони белгилаш Молия вазирлигига, маълум қонун ва қарорларни ишлаб чиқиш эса Иқтисод вазирлигига ва Вазирлар Mаҳкамаси ваколатига ўтиб кетди. «Ўзбекэнерго» эса юқоридан келадиган буйруқ ва кўрсатмаларни бажарувчи вазифасига айланиб қолди.

Албатта, Ўзбекистоннинг баъзи ҳудудларида юқори вольтли узатмалар янгиланган. Аммо бу ҳам тизимни қутқара олмайди.

Шунингдек, бу соҳада мутахассислар етишмовчилигини кузатиш мумкин.  Соҳада жуда катта кадрлар айланмаси мавжуд. Кимда хорижга кетиш имкони бўлса, чиқиб кетмоқда. Яхши мутахассислар Ўзбекистонда ноёб ҳолга айланмоқда.