KUN.UZ таҳририятига Фарғона вилояти, Фарғона туманида фаолиятини кенг тармоқда бошлаб, муаммоларга дуч келган тадбиркор томонидан юборилган мурожаат келиб тушди. Ишбилармон йигит билан учрашиш мақсадида йўлга отландик.

Тимурбек Абдумажидов Фарғона туманининг Хонқиз қишлоғидаги “Сойбўйи” маҳалласи гузарида бундан 8 ой муқаддам қурилиши тугалланмаган касалхона биносида тадбиркорликни бошлади.

У бинони таъмирдан чиқаргач, қишлоқ аҳли учун энг зарур бўлган - нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш, тикувчилик цехи, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш учун совутгичли камера ва турли маиший хизмат шохобчаларини юргизишга бел боғлаб, маҳаллада истиқомат қилувчи 17 нафар фуқарони доимий иш билан таъминлаган.

Юқорида келтирилган ишларни рўёбга чиқаришнинг машаққати эса барчага аён. Афтодаҳол бинони таъмирдан чиқариш, ускуна ва дастгоҳлар сотиб олиш, ҳужжатларни расмийлаштириш, коммуникация тизимини яратиш катта суммадаги харажатлар эвазига бўлади.

Ёз ойларида ишлар рисоладагидек юришди. Тадбиркор ҳам, ишчилар ҳам аста-секин юксалаётган фаолиятдан кўнгиллари тўқ эди. Баҳор, ёз ўтиб, куз келгач эса Тимур энг катта муаммога дуч келди. Бу ўша, қишлоқ жойларда тадбиркорликка кишан бўлаётган – ЭЛЕКТР ТАНҚИСЛИГИ МУАММОСИ ЭДИ.

Мана, бир ойдирки, ишчилар куннинг ярмини бекор ўтказишяпти. Электрдаги ҳаддан зиёд узилишлар ортидан эса қатор муаммолар юзага келган.

Булар:

  1. Ишчилар иш ҳақининг камайиши;
  2. Буюртмаларнинг кечикиши ва мижозларнинг ишончсизлиги ортиши;
  3. Даромад топиш ўрнига зиёнга ишлаш.

Иш куни давомида қишлоққа электр бор-йўғи 4 соат берилмоқда. Унда ҳам  жадвал бўйича эмас, палапартиш равишда.