Жаҳон | 10:30 / 02.12.2018
11010
1 дақиқада ўқилади

Аргентинага оддий рейсда учиб келган Меркель оддий ресторанда овқатланди

Фото: La Nación

Германия канцлери Ангела Меркель G20 саммити якунланганидан сўнг Буэнос-Айресдаги таниқли стейк-хауслардан бирида овқатланди. Унинг ресторанга ташрифини Todo Noticias телеканали ёритди.

Ресторандаги мижозларни Меркелнинг ташрифи вақтида у ернинг оддий хўрандалар учун ҳам очиқ бўлгани ҳайрон қолдирди. Германия канцлери ресторанга кичик делегация ҳамроҳлигида келди.  

Стейк-хаусга олиб борувчи кўчаларда қатнов чекланди, аммо мижозларнинг ресторанга киришларига рухсат берилди. Қайд этилишича, ресторанга кириш эшиги олдида канцлер билан суратга тушиш учун кўплаб маҳаллий аҳоли тўпланган.  
G20 саммити 30 ноябрь-1 декабрь кунлари Аргентина пойтахти Буэнос-Айресда бўлиб ўтди.

1 декабрь куни Буэнос-Айресга оддий рейсда учаётган йўловчилар самолёт ичида Меркелни суратга олишганди. Аввалроқ техник носозлик туфайли ҳукумат самолёти Берлиндан парвоз қилганидан кўп ўтмай қайтиб қўнишга мажбур бўлганди.

Мавзуга оид