Йил бошидан нархларнинг ўзгариши таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, хизматлар 11 ой давомида 14,3%, озиқ-овқат маҳсулотлари 11,4% ва ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархлари 11,1%га қимматлашди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда.
Ноябрь ойи давомидаги нархлар ўзгаришининг структураси таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, нархларнинг кўтарилиши борасида етакчилик хизматлар соҳасига тааллуқли бўлса-да (3,3 %), ҳар бир йирик гуруҳнинг салмоқ вазнларини ҳисобга олган ҳолда таъсир даражаси ва структураси бўйича устунлик озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳига тегишлидир (таъсир 1,2 фоиз даражасида(кейинги ўринларда ф.д.).
2018 йилнинг 11 ойи давомидаги йиғма ИНИ таҳлилига кўра, умумий нархлар даражасининг ошишига таъсир даражаси бўйича ҳам етакчилик озиқ-овқат маҳсулотларига (4,9 ф.д.), кейинги ўринларда эса ноозиқ-овқат маҳсулотлари (3,9 ф.д.) ва хизматларга (3,1 ф.д.) тегишлидир.
Озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари январь (ой давомида 3,5%), сентябр (3,3%) ҳамда ноябрь ойлари давомида (2,6%) сезиларли даражада қимматлашди.
Ноябрь ойида озиқ-овқат маҳсулотларидан асосий гуруҳлари нархларининг кўтарилишида, асосан истеъмол секторидаги озиқ-овқат товарларидан мева-сабзавот маҳсулотлари (нархлар 6,5%га қимматлашганлиги умумий ИНИ кўрсаткичини 0,5 ф.д.га оширди), нон маҳсулотлари (мос равишда 2,8% ва 0,2 ф.д.), гўшт маҳсулотлари (1,5% ва 0,2 ф.д.), тухум (9,2% ва 0,1 ф.д) нархлари қимматлашди.
Ўтган йилнинг охирига нисбатан картошка ва тухум маҳсулотларидан ташқари қолган барча турдаги озиқ-овқат гуруҳи маҳсулотлари нархлари кўтарилган (картошка ва тухум мос равишда 26,4% ва 0,4%га арзонлашган).
Нон маҳсулотлари нархларининг қимматлашиши асосан жорий йилнинг сентябр ойида кузатилган бўлиб (ой давомида ўртача 10,9%), бу ўз навбатида ун ва нон маҳсулотлари нархларининг эркинлаштирилиши билан тавсифланади. Октябрь ва ноябрь ойлари давомида нархларнинг ўсиши тенденцияси сақланиб қолган бўлса-да, лекин ушбу кўрсаткич сезиларли даражада кўзга ташланмаган. Ноябрь ойи давомида гуруч 7,1%, мош 3,1%, олий навли буғдой уни ва нони 2,2%, биринчи навли буғдой уни 2,1%, пиширилган нон маҳсулотлари 1,7%, макарон маҳсулотлари нархлари 1,2%га қимматлашди. Шу билан бир қаторда нўхат 3,1%, гречка 0,4%га арзонлашди.
Ўтган 11 ой мобайнида гуручнинг энг юқори даражада қимматлашгани Хоразм вилоятида (1,8 марта), бирмунча паст суръатларда ошганлиги эса Қашқадарё вилоятида (41,8%) қайд этилган
















