Жаҳон | 16:44 / 04.12.2018
37561
2 дақиқада ўқилади

Россияда сотилган 5,2 минг дона Nexia R3 автомобили носозлик сабабли дилерлик марказларига чақирилади

"Равон Моторс Рус" ("Ўзавтосаноат" ва General Motors’нинг Россиядаги бўлинмаси) Россияда 5219 дона Ravon Nexia R3 автомобилини чақириб олади, деб хабар берди Росстандарт

Чақириб олинадиган автомобиллар 2017 йил майдан 2018 йил мартгача ишлаб чиқарилган бўлиб, уларнинг рўйхати VIN-кодлари билан муассаса сайтида эълон қилинган.

Хабарда айтилишича, автомобиллар пружинали хомут етарлича куч билан қиса олмагани учун чиқарув шланги металл трубкадан чиқиб кетиши, натижада тизимдан гидравлик суюқлик оқиб кетиши мумкинлиги сабабли чақирилмоқда.

"Равон Моторс Рус" вакиллари  чақириладиган Ravon Nexia R3 эгаларини таъмирлаш ишлари ўтказиш учун автомобилларини дилерлик марказларига олиб келишлари зарурлиги ҳақида хабардор қилади. Автомобиллар эгалари шунингдек, Росстандарт сайтида берилган рўйхатдаги VIN-кодларни солиштириш орқали ҳам автомобилларини таъмирлашга олиб келиш керакми-йўқми аниқлашлари мумкин.  

Транспорт воситаларининг руль бошқарув тизими шлангига иккита қўшимча хомут ўрнатилади, барча таъмирлаш ишлари бепул амалга оширилади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид