Фан-техника | 07:53 / 04.12.2018
8033
1 дақиқада ўқилади

SpaceX бир уринишда орбитага 64 та сунъий йўлдошни олиб чиқди 

Фото: SpaceX

АҚШнинг SpaceX компанияси 3 декабрда 64 та сунъий йўлдошга эга Falcon 9 ракетасининг парвозини амалга оширди.    

Ракета Тошкент вақти билан соат 22:34да Калифорниядаги Ванденберг космодромидан учирилган. Ракета стартидан 8 дақиқа ўтиб унинг биринчи поғонаси кейинчалик такроран ишлатиш учун Тинч океанидаги платформага қўндирилган. Эътиборлиси, компания ушбу поғонани илк бор учинчи марта қайта ишлатди. Аввал бу блок май ва августда ракеталарни учиришда қўлланган. 

Сунъий йўлдошлар белгиланган орбитага қисм-қисмлаб олиб чиқилган. Умумий ҳисобда фазога 17 та давлатнинг 35 та компанияси, тадқиқот ташкилоти ва таълим муассасаси қурилмалари олиб чиқилди. 

Бир уринишда орбитага бундай кўп миқдорда сунъий йўлдошларнинг олиб чиқилиши АҚШ ҳудудидан амалга оширилган парвозлар учун рекорд натижа бўлди. Бироқ бу борадаги мутлақ рекорд 2017 йил февралида Ҳиндистоннинг PSLV ракетаси 104 та сунъий йўлдошни фазога олиб чиққанда ўрнатилган.   

Мавзуга оид