Ўзбекистон | 10:02 / 04.12.2018
43567
2 дақиқада ўқилади

Тожикистоннинг Исфарасида «ўзбек бозори» ёпилди

Тожикистоннинг Исфара шаҳри «Навбаҳор» йирик бозори ҳудудидаги «ўзбек бозори» бўшаб қолди. Уч ой олдин бу ердаги расталар сотувчилар ҳамда харидорлар билан тўлиб-тошганди, дея хабар беради CA-news.

Исфарадаги ўзбек бозорлари вакили Абдуғани Рауфовнинг айтишича, бозор бўшаб қолишига сабаблардан бири Тожикистон томонининг юқори божлари саналади.

Ўз навбатида, Исфара шаҳри раисининг ўринбосари Собит Умарзода фикрича, «ўзбек бозори» ўзбекистонлик тадбиркорларнинг мато ҳамда бошқа маҳсулотлари юқори сифатга эга бўлмагани, сотувчилар шунинг учун харидорларни топа олишмагани туфайли ёпилган. Унинг қўшимча қилишича, ҳозирги пайтда ўзбекистонлик баъзи тадбиркорлар шаҳарнинг бошқа бозорида мевалар билан савдо қилишмоқда.

Исфара шаҳри раисининг ўринбосари божхона соҳасида муаммолар борлигини инкор этмади. Унинг таъкидланишича, бундан аввал ўзбекистонлик ишбилармонлар Тожикистондан божларни бекор қилишни сўрашган. Бироқ, шу йилнинг ёзида, Ўзбекистон ҳукумати Тожикистон фуқароларига чегарани кесиб ўтиш чоғида 10 килограммдандан ортиқ юкка эга бўлишни тақиқлаб қўйди. Ўшанда Тожикистон ҳукумати Ўзбекистон фуқаролари бундан буён ўз ёнларида фақат 50 килограмм юкка эга бўлиши мумкин эканини эълон қилди.

«Ҳозирда божларни бекор қилиш мумкин эмас, сабаби Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида ҳеч қандай ҳужжатлар имзоланмаган», - дея қўшимча қилиб ўтди Собит Умарзода.

Уч ой аввал «Навбаҳор»да ўзбекистонлик 100га яқин сотувчи ишлаган. Улар асосан озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилишган.

Шу билан бирга, Тожикистон ҳукумати хабарига кўра, 2018 йил 9 ойида Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмаси 220 миллион долларга кўпайган.

Мавзуга оид