Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг “Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият кўрсатиш тартиби ва ҳажмлари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият кўрсатиш тартиби ва ҳажмлари тўғрисидаги Низом тасдиқланиши мумкин.
Низомга кўра, халқ табобатининг эътироф этилган усулларига қуйидаги гуруҳлар киради:
Биринчи гуруҳ – инвазив (тери бутунлигининг бузилиши билан боғлиқ)
усулларни қўлловчи ҳалқ табобати: акупунктура, су-джок терапия, хижома.
Иккинчи гуруҳ – ноинвазив усулларни қўлловчи ҳалқ табобати:
мануал терапия, акупрессура.
Учинчи гуруҳ – биологик инвазив воситаларни қўлловчи халқ табобати: гомеопатия, гирудотерапия, апитерапия.
Тўртинчи гуруҳ – парҳез ва ўсимлик воситаларини қўлловчи халқ табобати: фитотерапия, очлик билан даволаш.
Халқ табобати усулларини қўллаш билан амалга ошириладиган тиббий фаолият шифокорлар ва халқ табобати бўйича мутахассислар томонидан Соғликни сақлаш вазирлиги тасдиқлайдиган тиббий фаолият амалга ошириладиган тиббий ихтисосликлар турлари номенклатураси асосида, амалга оширилади.
Замонавий тиббиёт усуллари билан тиббий ёрдамни кўрсатишга белгиланган талаблар, халқ табобати усулларини қўллаш билан тиббий хизмат кўрсатувчи шахсларга ҳам татбиқ этилади.
Халқ табобати усулларини қўллаш билан кўрсатиладиган тиббий хизматлар аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишда қўшимча (комплементар) усул сифатида маслаҳатлар бериш, диагностика қилиш, даволаш ва реабилитация шаклида тегишли амбулатория ва стационар турдаги тиббий ташкилотларда амалга оширилади.
Халқ табобати усулларини қўллаш билан кўрсатиладиган тиббий хизматлар барча тиббиёт ташкилотларида, жумладан давлат ва хусусий тиббиёт ташкилотларида замонавий тиббиёт билан ўзаро комплементар ҳамкорликда амалга оширилиши мумкин.
Халқ табобати усулларини қўллаш орқали тиббий хизмат кўрсатиш фаолияти билан халқ табобати бўйича ихтисослашувдан ўтган ёки тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат берилган махсус халқ табобати усуллари бўйича курсларни тугатган шифокорлар ҳамда одам анатомияси, физиологияси, фармакология, лаборатория ва инструментал диагностика, шунингдек биринчи тиббий ёрдам кўрсатишнинг амалий кўникмалари бўйича махсус ўқув курсини тугатган шахслар шуғулланишлари мумкин.















