Кўпчилигимиз Apple брендининг смартфон, ноутбук, компьютер, планшет ва бошқа турли аксессуарларидан фойдаланамиз. Дунёдаги гигант компаниялардан бири Apple смартфонларининг катта қисми Хитойда йиғилишини “айфон” фойдаланувчилари жуда яхши билади.

Бироқ Apple компаниясининг бош қароргоҳи (headquarter) қаерда жойлашгани ва қандай кўринишда эканидан кўпларнинг хабари бўлмаса керак, чунки компания бош қароргоҳи кампусининг асосий биносига журналистларни йўлатишмайди. Истисно ҳолат эса iPhone X тақдимотида (Стив Жобс номидаги театр) юз берган холос.

Apple компанияси бош қароргоҳи қурилиши Калифорния штатидаги Купертино шаҳрида 2013 йилда бошланган ва 2017 йилда тўла қуриб битказилган. Стив Жобс кампус офисдан кўра кўпроқ қўриқ боғга ўхшаш бўлишини истаган. Компания асосчиси унинг халқасимон шаклини ўзи таълим олган Стэнфорд университети бош майдонидан илҳомланиб илгари сурган. Дастлаб The Apple Campus, кейинчалик Apple Park дея номланган қароргоҳ айнан Стив Жобс ва архитектор Норман Фостернинг лойиҳаси асосида қад ростлаган. 2011 йилнинг 7 июнида Стив Жобс бўлажак кампуснинг сўнгги лойиҳасини Купертино шаҳар кенгашига тақдим этган.

Apple Park тўрт қаватли халқа шаклида барпо этилган бўлиб, унинг айлана периметри бир миляни, диаметри эса 461 метрни, офисларнинг умумий майдони эса 71 гектарни ташкил этади ва улкан фазо кемасини ёдга солади. 12 гектарли ички ҳовлида мевали ва манзарали дарахтлар, сўқмоқлар, сунъий кўл ҳам мавжуд.

Қароргоҳ жойлашган майдоннинг нархи 160 миллион долларни, умумий сарф этилган харажат эса 5 миллиард долларни ташкил этади.

Визит-марказининг боғ томонга қараган айвони
Фото: : ipadforums.net
Фото: Instagram /conquistador17
Қароргоҳ зиналари
Фото: Instagram /mr.mc_ming 
Асосий бино кўриниши