Сентябрь ойида янги ўқув йили кириб келиши билан ота-оналардан ўзига хос «пул ундириш» мавсуми бошланади.
Фарзанди мактаб, лицей, коллеж, институт, университетда таълим олган, олаётган ота-оналар учун таъмирлаш, тозалаш, безаш, соғломлаштириш, темир-терсак ва қоғоз йиғиш орқали оғир ва енгил саноатни ривожлантириш ва шунга ўхшаш тадбирларни ихтиёрий-мажбурий равишда «молиялаштириш» ҳолатлари жуда яхши таниш.
Бош қомусимиз конституцияда таълим бепул экани ҳақидаги тамойил муҳрланган бўлса-да, номи тилга олинган тадбирларга ҳам пул бериб келганмиз. Бу пулларнинг кўзланган жойга етиб бориши, тўғри сарфланиши, пул йиғиш жараёнининг шаффофлиги, коррупциядан қанчалик холи экани алоҳида мавзу. Аммо мажбурий равишда пул йиғиш қонунга тўғри келадими, асослими, шу ҳақда мулоҳаза юритиб кўрдикми?
Сўнгги йилларда мактабгача таълим муассасалари, мактабларда турли сабаблар билан, хусусан таъмирлашга пул йиғиш, ўқувчиларни темир-терсак, макулатура йиғишга жалб қилишни тақиқлашга оид чора-тадбирлар кўрилди. Улар ҳақида мана бу жойларда ўқиб олишингиз мумкин.
Боғчаларда болалар ота-оналаридан турли сабаблар билан пул йиғиш қатъиян тақиқланадиМактабларда «ремонт»га пул йиғиш қонунийми? Вазирлик муносабат билдирдиБитирувчи ўқувчилардан имтиҳонлар ва ўқитувчиларга совғалар учун пул йиғиш тақиқланмоқдаАммо, баъзи тадбирларга пул бермаган ўқувчиларга босим ва тазйиқ ўтказиш, баъзан куч ишлатиш ҳолатларига ҳанузгача барҳам берилмаган. Бу ҳақда мана бу жойда ўқиш мумкин. Шундай тадбирлардан бири - спорт жамиятлари учун пул ундиришдир.
Хўш, бу ўзи қанақа жамият ва нима учун унга пул беришимиз керак? Ушбу мақолада бу саволга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Ҳақиқатдан ҳам юртимизда мактаб ўқувчилари, лицей, коллеж, олий таълим даргоҳларининг талабалари спорт билан шуғулланишини таъминловчи иккита жамият бор.
Биринчиси - «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамияти. У мактаб ўқувчилари ўртасида жисмоний тарбия ва спортни кенг тарғиб қилиш, болаларнинг мунтазам равишда жисмоний тарбия билан шуғулланишлари учун шарт-шароитлар яратиш, «Қувноқ стартлар» ва «Ёзги таътил» спорт мусобақаларини, «Умид ниҳоллари» спорт мусобақаларини ўтказиш орқали ўқувчиларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва тарғиб қилиш учун ташкил қилинган.














