Ҳукумат қарори билан Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Ушбу низомда ЙПХ ходимлари ҳамда йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилди.
Йўл-патруль хизмати ходими томонидан транспорт воситалари қуйидаги асосларга кўра тўхтатилиши мумкин:
- йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши визуал кузатувда аниқланганда ёки махсус мосламада қайд қилинганда;
- транспорт воситаси, ҳайдовчи ёки йўловчи қидирувда эканлиги, йўл транспорт ҳодисасига алоқадор эканлиги ҳақида маълумотлар бўлганида;
- йўл транспорт ҳодисаси, ҳуқуқбузарлик содир этилганлигини кўрган ҳайдовчи ёки йўловчидан ҳодиса тафсилотига ойдинлик киритиш зарурати юзага келганда;
- ваколатли давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатни чеклаш ёки тақиқлаш бўйича кўрсатмаларини бажариш жараёнида;
- транспорт воситасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланиш зарурати юзага келганда;
- махсус тадбирларни ўтказиш жараёнида;
- транспорт воситасидан фойдаланиш ва бошқариш ҳуқуқини берувчи, шунингдек транспорт воситаси ва олиб кетилаётган юкларга оид ҳужжатлар мавжудлигини текшириш учун.
ЙПХ ходими томонидан бошқа асосларга кўра транспорт воситаларининг тўхтатилиши тақиқланади.
ЙПХ ходими томонидан транспорт воситаси ҳужжатларни текшириш учун тўхтатилганда, фақат ушбу ҳужжатларни текшириш жараёнида аниқланган қоидалар бузилиши бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чора кўрилади.
ЙПХ ходими ўз хизмат вазифаларини бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- Низомда кўрсатилган асосларга кўра транспорт воситасини тўхтатиш, ундан фойдаланиш ва бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни, транспорт воситасига, шунингдек, ташилаётган юкларга оид ҳужжатларни текшириш;
- ҳайдовчи ёки юкни кузатиб бораётган шахс билан биргаликда транспорт воситасини ва юкларни ташқи кўздан кечириш;
- йўл транспорт ҳодисаси ва бошқа ҳуқуқбузарлик содир этилганлигининг гувоҳи бўлган йўл ҳаракати қатнашчиларини аниқлаш;
- ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланиш;
- транспорт воситасининг двигатель ва агрегат қисмларининг рақамларини рўйхатлаш ҳужжатларида ёзилган рақамлар билан ҳайдовчининг бевосита иштирокида солиштириш (ҳайдовчининг иштирокини таъминлаш имкони бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно);

















