6 декабрь, пайшанба кунидан, Куба аҳолиси учинчи авлоддаги алоқа технологияси (3G) бўйича мобил интернетдан фойдаланиши мумкин. Бу ҳақда Euronews хабар бермоқда.

Бу ҳақда Кубада телекоммуникацион хизматлар кўрсатувчи ягона провайдер - ETECSA раҳбари Таня Веласкес баёнот берди.

«Уланиш жараёни 8 декабрга қадар босқичма-босқич амалга оширилади. Ҳар бир абонент хизмат фаоллаштирилганини тасдиқловчи хабар қабул қилиб олади», - деди Веласкес.

Таъкидланишича, кубаликларга тўртта маълумотлар тўплами таклиф этилади. Энг арзон тариф 600 Мб бўлиб, ойлик 7 АҚШ доллари миқдоридаги абонентлик тўловини назарда тутади. 4 Гб ҳажмидаги тўплам эса кубаликларга 30 долларга тушади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда интернет умумий ўтказиш қобилияти 10 мартага ўсгани, энди интернет тезлигида «гача» қўшимчаси ишлатилмаслиги хабар берилганди.