Нега бутун дунёда тақчил ресурсга айланиб бораётган, яқин келажакда нефтдан ҳам қимматроққа баҳоланиши башорат этилган неъматнинг қадрига етолмаяпмиз? Сувтекин, дея атрофда кўп учрайдиган, қадри ва қиммати паст ашёларни атаб, сувни ҳам текин қилиб қўйдикми?
«Ўзбекистонда сув кўп. Ариқлардан шалдираб сув оқади. Амударё ва Сирдарё оралиғида жойлашган сўлим, бетакрор маконда яшаймиз», деган пафосли гаплар қисман ўтмишда қолиб кетди. Биз ҳақиқий вазиятдан бехабар қолиб кетяпмиз. Сирдарё ва Амударё каби трансчегаравий дарёларнинг Орол денгизига сувни тошқин олиб келмаётганига анча йиллар бўлди. Қорақалпоғистон ва Хоразмда қум бўронлари ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Чунки, Ўзбекистонда сув арзон, сувчилар меҳнати эса қадрланмайди.

Республика Сув хўжалиги вазирлиги мутахассиси Нодирбек Мадибоевнинг айтишича, Ўзбекистонда ишлатиладиган сув ресурсларининг йиллик умумий миқдори 54 млрд.м3 ни ташкил этади ва 80% (43 млрд.м3) Тожикистон ва Қирғизистонда, атиги 20% (11 млрд.м3) мамлакатимизда ҳудудида шаклланади. Энг кўп улушдаги (49 млрд.м3) сув қишлоқ хўжалигига йўналтирилади, иккинчи ўринда коммунал хўжалигига 2.4 млрд.м3 (4.4%) сув етказиб берилади. Кейинги ўринларда саноат, балиқчилик соҳалари туради.
Аҳолининг қанча қисми тоза ичимлик суви билан таъминланганлиги, сувни етказиб бериш тизими ва ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳам алоҳида масала. Бу борада Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Алипоша Ахмедовнинг изоҳ беришича, Ўзбекистон аҳолисининг 65%и марказлаштирилган ичимлик сув таъминоти билан қамраб олинган.
«Чучук сувнинг 33 фоизи сув ҳавзалари ҳисобидан, қолгани ерости сувларидан йиғиб олинади ва сув иншоотларида тозаланиб, сўнг аҳолига қувурлар орқали етказилади. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, бир суткада Ўзбекистон аҳолига 6 млн. 226 минг м3 сув етказиб берилади. Республика бўйлаб жами 65.8 минг километр сув тармоқлари ўтказилган. 10 мингдан ортиқ сув ва оқова иншоотлари мавжуд», - дейди у.
Шу билан бир қаторда, сув қувурларининг ҳолати борасида ҳам қизиқиб кўрдик. Маълум бўлишича, қувур орқали сувни аҳоли хонадонига етказишда умумий сувнинг 30-40 фоизи йўқотилади. Хориж мамлакатлар тажрибасида бу кўрсаткич 10 фоизни ташкил этади. Кўп миқдордаги сув йўқотилишига асосий сабаб қувурларнинг маънан эскирганлиги, яроқлилик муддати аллақачон ўтиб кетганидир. Муаммони бартараф этиш учун амалий ҳаракатлар қилиняптими? Қайд этилишича, жорий йилнинг ўзида ичимлик суви таъминотига давлат бюджети ҳисобидан 800 млрд. сўм ажратилди, 2019 йилда эса 1.1 трлн.сўм халқаро молиявий кредитлар ва давлат бюджетидан айнан шунга сарфланиши кўзда тутилган.
















