Жаҳон | 15:46 / 07.12.2018
3914
3 дақиқада ўқилади

Тереза Мэй Brexit бўйича келишувни парламентдан қандай олиб ўтиши айтилди

Фото: MARK DUFFY

Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй ўзининг Европа иттифоқи билан Brexit бўйича келишуви Британия парламенти томонидан тасдиқланиши учун 100дан ошиқ овозга эга бўлиши керак. Бу ҳақда Daily Telegraph хабар қилмоқда.

ЕИдан чиқиш бўйича овоз бериш 11 декабрь куни бўлиб ўтади. Тереза Мэй овоз беришдан бир неча кун олдин бундай устунликни қўлга киритиши даргумон. Агар Британия бош вазири биринчи марта мағлубиятга учраса, бироқ ўзини ағдариб ташлашга имкон бермаса ҳамда ҳокимиятни сақлаб қолса, унда у, катта эҳтимол билан, Brexit бўйича келишув учун розиликни иккинчи ёки учинчи уринишда олиши мумкин, деб ёзмоқда нашр. Газетанинг билдиришича, Мэйга битим маъқулланишига эришиш учун аввало ўз партиясидаги «юмшоқ исёнчиларни» ишонтириши керак, сабаби уларнинг келишувга мухолифати энг кучли кўриниш олиши мумкин. Шу тариқа, Тереза Мэй фақат 70та овозни олиши талаб этилади, деб аниқлик киритган газета.

Иккинчидан, айрим сайлов округларидаги лейбористларга босим ўтказиш керак бўлади. Тахминан 12 нафар шундай депутат бор, деб ёзади нашр. Учинчидан, Жамоатлар палатасида нисбатан юмшоқ Brexit учун овоз берган 14 нафар лейборист-депутат мавжуд, улар иккинчи референдум ғоясини ҳали қўллаб-қувватламади. Ҳукуматдагиларнинг умид қилишича, улар фикрини ўзгартириш имкони топилади, дея қайд этилган материалда. Шу тариқа, Мэйга етмайдиган овозлар сони тахминан 45-50тани ташкил қилади.

Тўртинчидан, Европа иттифоқидан чиқиб кетиш учун аксарият овоз берган сайлов округлари вакили бўлган 20дан ортиқ депутат бор. Бироқ, бу депутатлар гуруҳида жамоавий позиция йўқ. Агар уларни Мэй келишуви томонига оғдиришнинг йўли топилса, бош вазирга керак бўлган овозлар сони 25-30 кишигача қисқаради. Нашрнинг хулосасида ёзилишича, яна қарийб 40 нафар консерватор овоз беришдан воз кечиши мумкин. Бу Мэй келишувига эришишда ҳал қилувчи қадамга айланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тереза Мэй Brexit’дан воз кечиши мумкин экани хабар қилинганди.

Мавзуга оид