Ўзбекистон | 01:27 / 08.12.2018
13938
3 дақиқада ўқилади

Президент фармонида соғлиқни сақлаш соҳасида тўпланиб қолган тизимли камчилик ва муаммолар санаб ўтилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–5590-сонли фармони қабул қилинди.

Фармонда мустақиллик йилларида умумий ўлим кўрсаткичи 20 фоизга, оналар ва чақалоқлар ўлими 3,1 баробар камайгани, ўртача умр кўриш давомийлиги 1995 йилга нисбатан 4,6 йилга ошгани ва бугунги кунда 73,7 йилни ташкил этаётгани қайд этилган.

Соғлиқни сақлаш соҳаси фаолиятини ташкил этишда сўнгги йилларда тўпланиб қолган тизимли камчилик ва муаммолар фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган вазифаларни самарали ҳал этишга тўсқинлик қилаётгани, хусусан:

  • биринчидан, соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш ва режалаштириш бўйича концепция ҳамда стратегик мақсадларнинг мавжуд эмаслиги оқибатида ушбу соҳадаги ислоҳотлар тўлиқ бўлмаган шаклда амалга оширилмоқда, бу эса аҳолининг тиббий ёрдам сифатига доир истак ва талабларига жавоб бермаётгани;
  • иккинчидан, соғлиқни сақлаш соҳасидаги сметали молиялаштириш тизими эскирган, замонавий халқаро амалиётга мос келмайдиган механизмларга асосланган бўлиб, молия ресурсларининг самарасиз ишлатилишига ва соҳанинг сурункали тарзда молиялаштирилмай қолишига олиб келаётгани;
  • учинчидан, касалликларни профилактика қилиш ва барвақт аниқлаш, патронаж ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича ишлар самарадорлигининг пастлиги фуқароларнинг ихтисослашган тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилишининг кўпайишига сабаб бўлаётгани;
  • тўртинчидан, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг турли даражалари ва босқичлари, шу жумладан, даволаш ва саломатликни тиклаш жараёнида узвийлик суст ривожлангани;
  • бешинчидан, амалдаги кадрлар сиёсати тиббий ёрдам кўрсатишнинг барча даражаларида, айниқса, бирламчи бўғинда мутахассислар билан таъминлашнинг, шунингдек, соғлиқни сақлаш тизими ташкилотчилари ва бошқарув ходимларини тайёрлашнинг истиқболларини прогнозлаштириш имконини бермаётгани;
  • олтинчидан, тиббий амалиётнинг таълим ва илм-фан билан интеграцияси сустлиги ихтисослаштирилган марказларнинг инновацион салоҳияти пастлиги билан биргаликда замонавий тиббиёт ютуқларини даволаш-ташхис жараёнига жорий этишга салбий таъсир кўрсатаётгани;
  • еттинчидан, электрон соғлиқни сақлаш соҳасида ягона стандартлар мавжуд эмаслиги, тиббий хизматнинг интеграциясини ва самарали бошқарилишини таъминлайдиган замонавий дастурий маҳсулотлар жорий этилмагани, мавжуд ахборот тизимлари ва технологиялари тарқоқ тусга эгалиги ва тор йўналишларга мўлжалланганлиги қайд этилган.

Мавзуга оид