Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Болаларни давлат умумтаълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан қуйидагилар:
Болаларни давлат умумтаълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти;
Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш хизмати жорий этиладиган давлат умумий ўрта таълим муассасаларининг рўйхати тасдиқланиши мумкин.
Белгиланишича, 2019 йил 1 мартдан бошлаб, болаларни тасдиқланган рўйхат асосида умумтаълим муассасаларига жойлаштириш бўйича давлат хизматларини олиш учун жисмоний шахслар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали мурожаат қиладилар;
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан келишилган ҳолда давлат хизматлари амалга ошириладиган мактаблар рўйхатига белгиланган тартибда ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилади.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги 2019 йил 1 февралга қадар:
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда блокчейн технологиясидан фойдаланган ҳолда “халқ таълими” комплекс ахборот тизимини жорий этиш, расмий веб-сайтни такомиллаштириш, Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали болаларни қабул қилиш жорий этилган умумтаълим муассасалари ҳақида маълумотлар, уларга бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд) рўйхати, 1-синфга қабул режалари ҳамда Давлат хизматлари марказлари манзиллари ҳақидаги ва бошқа зарур бўлган маълумотларни жойлаштиришни;
болаларни Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали қабул қилувчи умумтаълим муассасаларининг қабул режаларини тасдиқлаб, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари орқали Давлат хизматлари марказларига тақдим этишни;
болаларни Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали қабул қилувчи умумтаълим муассасаларида мазкур хизматни амалга ошириш учун зарур бўлган шароитларни яратиш, замонавий компьютер ва бошқа ускуналар билан таъминлашни;

















