Light | 02:21 / 11.12.2018
63258
4 дақиқада ўқилади

Ер юзининг энг ғаройиб кўприклари

Кўприклар доимо ўзининг бетакрор гўзаллиги, салобати ҳамда энг кучли муҳандислик лойиҳаларини амалга ошириш имконини берган техник имкониятлари билан кишига завқ беради. Бу иншоотлар нафақат амалий вазифаларни бажаради, балки эстетик руҳ ҳам бахш этади. Ҳар бир кўприк ўзича ғаройиб, бири конструкцияси, яна бири шакли, бошқаси эса улуғворлиги билан кишини ҳайратга солади. Айтганча, сўнгги учинчи жиҳат эса ўлчами бўйича рекорд ўрнатиш имконини бериб, доимий равишда ўзгариб бормоқда.

Хитойнинг кўприк қурилиш бўйича олиб бораётган ишлари бутун дунёни ҳайратга соляпти. У кўприкларнинг узунлиги бўйича энг юқори ўринлардан жой эгалламоқда. Ўнталикни узунлиги 35,7 минг метр бўлган Ran Young кўприги очиб беради. У 2007 йилда Янцзи дарёси қирғоқларини бир-бири билан боғлаш мақсадида қурилган бўлиб, дарёда қурилган энг узун кўприк саналади.

Ҳангжоу кўрфази ва Цянгтанг дарёси орқали чиройли кўприк барпо этилган. У мураккаб сув оқими бўйлаб ўтади. Уни қуриш учун энг аниқ ҳисоб-китоб ва илғор муҳандислик технологияларидан фойдаланилган. Кўприкнинг узунлиги — 35 минг 670 м.

Аввалгисидан 142 метрга узунроқ бу кўприк бир йил кейин барпо этилган. Узунлиги 35,8 минг метрлик осма кўприк Пекиндан Тянцзингга олиб борувчи темир йўлларнинг бир қисми ҳисобланади.

Рўйхатимизга АҚШда қурилган кўприклар қўшилмоқда. Мана ярим асрки, Луизианада Manchac Swamp кўприги фаолият юритмоқда. Қурилманинг узунлиги 36 минг метрдан бироз ошади.

Пончартрейн кўли қирғоқларини бирлаштирувчи Пончартрейн кўприги 900 тадан ортиқ устунлар устига ўрнатилган. У Мандевиль шаҳридан Метайригача чўзилган узунлиги 38,4 км бўлган иккита йўлакдан иборат.

Яна Осмон остига қайтамиз. Цзяочжоу денгиз кўрфази юзасида узунлиги 42,5 минг метр бўлган олтита чизиқдан иборат Цзяочжоу кўприги қад кўтарган. У тўфон ва зилзилаларни ҳисобга олган ҳолда қурилган. 2011 йилда бу қурилма энг узун кўприклар рейтингида етакчилик қилган.

Таиланддаги узунлиги 54 минг метр бўлган кўприк алоҳида диққатга сазовор. Унинг ўзига хослиги шундаки, у сув устида қурилмаган. У аҳоли зич жойлашган Бангкокда ер устидаги иншоотдир.

Ҳонгконг Чжухая ва Макаони бир-бири билан боғлаш учун яхлит қурилиш тизими барпо этилган. У сув усти тунели, учта сунъий орол ва узунлиги 29,6 минг метрли кўприкдан иборат. Агар тасвирланган конструкция яхлит ҳолда ҳисобланса, унинг узунлиги 55 минг метрни ташкил этади.

Тайвань темир йўлининг бир қисми саналган Чжанхуа-Гаосюнг кўпригининг узунлиги 147,3 минг метрдан иборат. У рейтингимизда иккинчи ўринни эгаллайди. Қурилманинг ўзига хослиги юқори сейсмик фаолияти билан ажралиб туришидадир.

Рўйхатимизнинг биринчи қаторини Данянг-Куншан кўприги эгаллайди. У кўплаб тўсиқларни енгиб ўтган: тепаликлар, адирлар, қирлар, кўллар, канал ва дарёлар. Узунлиги 164,8 минг метрдан иборат улкан иншоот қурилишига бор-йўғи 4 йил сарф этилган.

Мавзуга оид