Kun.uz сайтида мамлакатимиздаги таълим тизимидаги муаммолар атрофлича ўрганилиб, мунтазам ёритиб келинади. Айниқса, куз-қиш мавсумида бу каби мурожаатлар янада кўпаяди.

Таҳририятга Самарқанд шаҳридаги 17-умумий ўрта таълим мактабидаги муаммолар юзасидан келиб тушган мурожаат ҳам айнан шу мавзуда.

«Фарзандим Самарқанд шаҳридаги 17-умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олади. Мактаб ачинарли аҳволда. Ҳожатхона ва ошхонага қараб бўлмайди. Синфхоналар совуқ, иситиш тизими ишламайди. Мактабни тозалайдиган фаррошлар учун ҳам ўқувчиларнинг ота-оналаридан пул йиғилади. Синфхоналар полларини бўяш учун ҳам пул йиғиб олишди. Ҳамма муаммолар ота-оналар ҳисобидан ҳал қилиняпти», – дейилади мурожаатда.

Мурожаат жойида ўрганилди.

Маълум бўлишича, ушбу мактабда айни вақтда 2700 нафардан зиёд ўқувчи таълим олиб келмоқда. Мактабга собиқ Самарқанд қишлоқ хўжалик институти (айни вақтда Самарқанд ветеринария медицинаси институти) қошидаги 2-сонли академик лицейи тугатилиб, биноси 2018 йил август ойида мактабга вақтинчалик фойдаланиш учун берилган. Ушбу лицей биносида жорий йилги ўқув йилида мактаб филиали фаолияти йўлга қўйилган.

Мактаб сиғими филиали билан биргаликда ҳисоблаганда 900 нафардан зиёд ўқувчи ўрнини ташкил қилади. Аммо ҳозирда мактабда юқорида айтилганидек, 2700 нафардан зиёд, яъни мўлжалланганидан 3 баробар кўп ўқувчи таълим олмоқда. Дарслар икки навбатда ташкил этилган. Мактабнинг асосий биносида 2 500 нафарга яқин, филиалида эса 300 нафардан зиёд ўқувчи таълим олиб келмоқда.

«Билдирилган эътирозлар мактабимизнинг асосий биносидаги ҳолатлар бўйича эмас, балки мактабимиз филиалидаги камчиликлар юзасидандир. Лицей биноси жорий йилнинг август ойида мактабимизга вақтинчалик фойдаланишга берилди. У ерда бошланғич синфлар учун филиал ташкил этилган. У ерда 11та бошланғич синф ўқувчилари таълим олмоқда. Бино мактабга вақтинчалик фойдаланишга берилганда жуда абгор ҳолатда эди. Ўқув жараёнига босқима-босқич мослаштиряпмиз. Қисқа муддатда барча муаммоларни ҳал қилиш имконсиз», – дейди мактаб директори Дилфуза Ҳусанова.

Мактабнинг асосий ва филиал биноларини ўқув ишлари бўйича мактаб директори ўринбосари Ориф Муродов билан бирга кўздан кечирдик.

Асосий бинода қозонхона мавжуд, иситиш тизими нормал ҳолатда ишламоқда. Ошхона ва ҳожатхоналар санитария меъёрларига тўлиқ жавоб беради. Бироқ мактабнинг асосий биносидаги спорт зали белгиланган талабларга тўлиқ жавоб бермайди. Таъмирталаб, замонавий жиҳозланишга муҳтож ва том қисмида таъбни хира қиладиган каттагина ўйиқлар бор.