Ўзбекистон | 08:35 / 13.12.2018
5151
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Радиация ва ядро хавфсизлиги департаменти ташкил этилмоқда

Фото: FILIPPO MONTEFORTE/AFP/Getty Images

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА  томонидан келтирилган.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси таркибида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган бошқарув ходимларининг умумий сони 71штат бирлигидан иборат Радиация ва ядро хавфсизлиги департаменти;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган бошқарув ходимларининг умумий сони 5штат бирлигидан иборат Ангрен кон-техника инспекцияси;

“Олмалиқ КМК” АЖ маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Олмалиқ кон-техника инспекцияси;

Қизилқум минтақавий инспекцияси негизида “Навоий КМК” ДК маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Қизилқум кон-техника инспекцияси ташкил этилмоқда.

Қуйидагилар Радиация ва ядро хавфсизлиги департаментининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

ионлаштирувчи нурланиш манбалари муомалада бўлиш ва атом энергиясидан фойдаланиш борасидаги фаолиятни амалга оширишда радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида самарали давлат назорати ва текширувини ташкил этиш ва таъминлаш;

назорати остидаги объектларда радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш бўйича профилактика чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ядровий ва радиоактив материаллар билан ишлашда, атом энергиясидан фойдаланишда, ядровий материаллар, радиоактив моддалар, улар мавжуд бўлган радиоактив манбалар ва радиоактив чиқиндиларни қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, сақлаш, фойдаланиш, кўмиш ҳамда жисмоний ҳимоялаш ва ҳисобини юритишда радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш;

атом энергиясидан тинчлик йўлида фойдаланиш соҳасидаги халқаро шартномалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда янги давлат қўмитаси ташкил этилгани хабар берилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид