2018 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Бошланғич таълимга болаларни мажбурий 1 йиллик тайёрловга босқичма-босқич ўтиш чоралари ҳақида"ги 999-сонли қарори тасдиқланган эди. Янги қарорга кўра, ўқитиш давомида инновацион педагогик технологиялар, самарали услуб ва методлар қўлланилади.

Болаларни мактабга мажбурий тайёрлаш бўйича пилот лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳрида амалга оширилганди. Гуруҳлар мактабгача таълим муассасаларига бормайдиган болалардан таркиб топди.

«Мактабгача таълим вазирлигининг эксперт гуруҳи мунтазам равишда таълим соҳасидаги мониторингни амалга ошириб келади. Хусусан, улар 1-синф ўқувчиларида тайёргарлик даражаси турли эканлиги аниқладилар. Баъзи ота-оналар олдиндан ўз фарзандларини тўлов эвазига тайёрлов курсларга олиб борадилар, аммо ҳар бир оиланинг молиявий имконияти бирдек тенг эмас. Ўқишга тайёр бўлмаган бола зўриқишни бошдан кечиришини бир тасаввур қилинг. У синфдаги тенгдошларига нисбатан ўзи билимсизроқ ва интеллектуал кучсиз ҳис қилади. Бу эса унинг ўзини-ўзи баҳолашда ва ўқишга бўлган иштиёқида аксини топади. Бу муаммо яхши тайёрланган болаларга таъсир этмай қолмайди, чунки педагог тайёргарлиги паст ўқувчиларга материални тушунтиргунга қадар кучли болалар зерикиб ўтиришга мажбур бўладилар. Натижада биз интизомнинг ёмонлашуви ва ўқишга бўлган қизиқишнинг пасайишини кузата бошлаймиз. Мактабгача таълим вазирлиги барча учун тенг имкониятларни тақдим этиш тарафдоридир. Давлат ва хусусий мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларини бошланғич таълимга тайёрлаш ҳақидаги масала «Илк қадам» дастури кўмагида ҳал этилди. Бу дастур доирасида болалар зарурий компетенцияларга эга бўладилар. Эндиликда Мактабгача таълим муассасага бормайдиган болалар ҳам 1 ҳафтада 15 соат мобайнида мазкур дастурни ўзлаштирадилар. Агарда бола лицензия асосида фаолият юритувчи мактабгача тайёрлов муассасасига қатнаётган бўлса, у мажбурий 1 йиллик курсидан озод этилади», — дейди Мактабгача таълим вазирлиги бошқармасининг бош мутахассиси Елена Цай.

Бепул 1 йиллик тайёрлов дастурини жорий этиш билан боғлиқ Қарор энг яхши жаҳон амалиётлари асосида қабул қилинди, бу амалиётни жорий қилган мамлакатлар юқори малакали инсон ресурслари ҳисобига иқтисодий ривожланишда пешқадамлик қилмоқдалар.
















