Таълим | 11:54 / 07.02.2026
3456
3 дақиқада ўқилади

Бир йиллик мактабга тайёрлов мажбурий босқич сифатида жорий этилади

Президентнинг «Мактабгача таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларининг таълим дастури мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида киритилади. 

Фармонга кўра, мактабгача таълим тизимида ўйинга асосланган таълим амалиёти босқичма-босқич жорий этилади. Шу билан бирга, таркибида Болаларни ривожлантириш инновацион маркази бўлган «Янги авлод» мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи ташкил этилиши назарда тутилган.

Бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларининг дастурлари мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларида тўлиқ ёки қисқа муддатли гуруҳлар кўринишида амалга оширилади. Шунингдек, мактабгача ва умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатувчи нодавлат таълим ташкилотларига ҳам бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларини ташкил этишга рухсат берилади.

2027–2028 ўқув йилидан бошлаб мактабга тайёрлов гуруҳларида таълим жараёнлари олий маълумотли педагоглар, шунингдек, олий таълим ташкилотларининг битирувчи босқич талабалари томонидан олиб борилиши белгиланган.

Шу даврдан бошлаб тайёрлов гуруҳларида таълим-тарбия олган болаларга бир йиллик мактабга тайёрловдан ўтганлик тўғрисида давлат намунасидаги электрон сертификат берилади ва ушбу маълумотлар умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномада қайд этилади.

2026–2028 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида биттадан давлат мактабгача таълим ташкилоти сифатида фаолият юритувчи «Янги авлод» мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилади. Уларда раҳбар, педагог ва бошқа ходимлар тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама жорий этилиши кўзда тутилган.

2026–2027 ўқув йилидан бошлаб педагогика олий таълим ташкилотларида мактабгача ва бошланғич таълим йўналиши бўйича бакалаврлар тайёрлаш халқаро илғор тажриба асосида ташкил этилади. Шунингдек, ўрта махсус маълумотли педагог кадрлар учун тегишли ОТМда мактабгача таълим йўналишида дуал таълим шаклида, тўлов-шартнома асосида бакалаврлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Янги ташкил этиладиган давлат мактабгача таълим ташкилотларига, биринчи навбатда, олий маълумотли тарбиячилар ишга қабул қилиниши белгиланган.

Фармонда, бундан ташқари, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб мактабгача таълим қамрови 80 фоиздан паст бўлган туман (шаҳар)ларда (Тошкент шаҳри бундан мустасно) тадбиркорлик субъектлари учун қатор имтиёзлар жорий этилиши ҳам кўзда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид