Ўзбекистонда тадбиркорлик учун кенг имкониятлар, қулай муҳит ва қатор имтиёзлар тақдим этилди ва бу жараён ҳамон давом этмоқда. Яратилган шароитлардан фойдаланиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, даромад олаётган ва мамлакат иқтисоди ривожига ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимиз талайгина.
Соҳадаги бу ютуқлар шу юрт фарзанди бўлган ҳар бир инсонни қувонтириши табиий. Тадбиркорлар даромад олаётгани, ватан тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшаётганлари яхши, албатта.
Аммо бир жиҳат борки, буни асло унутмаслик керак. Яъни, тадбиркорлик субъекти белгиланган тартиб-қоидалар, меъёрларга амал қилиши, муҳими, аҳоли яшаш тарзи, саломатлигига салбий таъсир кўрсатмаслиги керак. Қисқача айтганда, даромад аҳоли манфаатларига зид келмаслиги, одамларга азият етказиш ҳисобига бўлмаслиги зарур.
Kun.uz таҳририятига Самарқанд вилояти, Жомбой тумани, «А.Қурбонов» маҳалласи аҳолисидан айнан шу мазмунда мурожаат келиб тушди.
«Бизни бир неча йиллардан буён бир муаммо қийнаб келмоқда. Гап шундаки, маҳалламизда аҳоли истиқомат қиладиган ҳудуд яқинида хусусий цемент омбори жойлашган. У ерда вагондан цемент туширилади. Бу жараёнда хавфсизлик чоралари кўрилмаган, белгиланган экологик меъёрларга амал қилинмаган. Оқибатда, аҳоли саломатлиги учун ўта зарарли бўлган цемент чанглари ҳавога тарқалади. Аҳоли шу чанг ҳаводан нафас олади. Натижада, турли хил нафас йўллари касалликлари кўпайиб бормоқда. Маҳалла ҳудудида Жомбой туман тиббиёт бирлашмаси ҳам жойлашган. Бу ерда даволанаётган беморларга ҳам цемент чангларининг салбий таъсири бўлаётгани аниқ. Биз ушбу масалада бир неча марта тегишли ташкилотларга ёзма ва оғзаки мурожаат қилдик. Аммо муаммо ечимини топгани йўқ», – дейилади мурожаатда.
Ушбу мурожаат жойида ўрганилди. «А.Қурбонов» маҳалласида 3 мингдан зиёд киши яшаб келмоқда. Маҳалла ҳудуди ичидан ўтган поезд йўлининг икки томонида аҳоли истиқомат қилади. «Jomboy yashil chiroqlari» МЧЖга қарашли цемент омборхонаси мавжуд томонида маҳалланинг 1 минг 200 нафардан зиёд аҳоли мавжуд. Ушбу цемент омборига вагонлардан цемент туширилади ва ҳавога кўтарилган чанг маҳалла ҳудуди бўйлаб тарқалади.

Маҳалла аҳолиси мазкур ҳолат юзасидан ўз эътирозларини билдирди.
«Уйимиз ушбу цемент омбори яқинида жойлашган. Цемент туширилаётган вақтда ҳаво туман кўринишига келади. Бундай ҳавода қандай нафас олиш мумкин!? Бир неча йиллардан бери шундан азият чекмоқдамиз. Тегишли ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилсак-да, неча йиллардан буён муаммо ҳал бўлгани йўқ. Тадбиркорликка ҳеч қандай тўсқинлигимиз йўқ. Аммо белгиланган меъёрлар асосида фаолият юритсин. Даромадни тадбиркор оляпти, зиённи эса биз кўрмоқдамиз», – дейди маҳалла фаоли Азимхон Мажидов.






















