Ўзбекистон Литвага таклиф билан чиқди
2018-йилнинг 13 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Литва Республикаси ташқи ишлар вазирликлари делегациялари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг 7-раунди бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ хабар бермоқда.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Дилшод Ахатов ва Литва ташқи ишлар вице-вазири Дариус Скусевичус бошчилигидаги делегациялар икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари, турли кўп томонлама шаклларда, жумладан Ўзбекистон - Европа иттифоқи шаклидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар ва долзарб халқаро ва минтақавий мавзулар юзасидан фикр алмашдилар.
Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар, туризм ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон - Литва мулоқотини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилди.
Томонларни қизиқтирган барча соҳаларда узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли асосда алоқаларни ўрнатишдан манфаатдорлик тасдиқланди.
Учрашувда ўзаро савдо-сотиқнинг ижобий динамикаси мамнуният билан қайд этилди. Хусусан, жорий йилнинг 10 ойи давомида товар айланмаси 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 10 фоизга ошди. Шу билан бирга, инновация, транспорт ва логистика, озиқ-овқат ва фармацевтика саноати, қишлоқ хўжалиги сектори каби иқтисодиёт соҳаларида мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланилмаганлиги таъкидланди.
Шунингдек, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия, Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги қўшма ишчи гуруҳи мажлислари ва бошқа тадбирларни 2019 йилда ўтказиш жадвали юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон томони Литва вакилларига келгуси йил Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган «Марказий Осиё: янги имкониятлар ва минтақавий ҳамкорлик истиқболлари» мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиш таклифи билан чиқди.
Маслаҳатлашувларда Литва элчиси Ремигиюс Мотузас иштирок этди, дейилади хабарда.