Олий Мажлис Сенати ўн еттинчи ялпи мажлисининг иккинчи кунида сўзга чиққан Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толиб Мадумаров Фарғона вилоятидаги муаммоли масалаларга тўхталиб ўтди.

«Вилоят истеъмолчиларини электр энергияси билан таъминловчи 24 минг км электр тармоғининг 3,7 минг километр қисми ёки 15 фоизи фойдаланиш учун қисман яроқсиз ҳолатга келган бўлса, 8,5 минг километрдан ёки 35 фоиздан ортиқ қисми эскирган.

Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толиб Мадумаров

Вилоятдаги электр энергияси узатишга мўлжалланган симёғочларнинг аксарияти, 8 мингдан зиёд трансформатор пунктларининг 980таси ёки 12 фоизи яроқсиз ҳолга келиб қолган, 2 мингтаси ёки 24 фоизи эскирган. Бунинг натижасида, электр энергиясидаги мунтазам узилишлар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Электр энергияси баъзи маҳаллаларга бир соат етказилса, икки соат тўхтатилмоқда.

«Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти томонидан зарур чоралар ўз вақтида кўрилмагани оқибатида вилоятдаги истеъмолчиларнинг 35 фоизи табиий газ билан таъминланмаган. Бундан ташқари, ҳар бир хонадонга ойига 20 кг ўрнига бор-йўғи 9,4 кг суюлтирилган пропан гази ажратилмоқда», дея сенаторнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.