Жаҳон | 08:04 / 14.12.2018
7928
2 дақиқада ўқилади

Япония “юлдузлар ёмғири”ни чақиришни режалаштирмоқда 

Фото: AFP 2018 / Ethan Miller

Япония январда орбитага сунъий йўлдош учириб, унинг ёрдамида илк бор сунъий “юлдузлар ёмғири”ни чақирмоқчи. Бу ҳақда ушбу кўнгилочар лойиҳа билан шуғулланаётган ALE компанияси маълум қилди.

Компания баёнотида айтилишича, сунъий йўлдош орбитага JAXA коинот агентлигининг “Эпсилон-4” ракетаси билан олиб чиқилади. “Юлдузлар ёмғири”ни эса 2020 йил баҳорида Хиросима ва 200 кмгача атрофдаги ҳудудлардаги 6 млн киши кузатиши мумкин бўлади. 

Сунъий йўлдошга 400 та металл шарча юкланади. Бу шарчалар атмосферанинг зич қатламларига кирганда ердан 60 км баландликда ёниб, метеорлар каби эффект беради. Ҳар бир шарчанинг катталиги диаметрида 1 смдан ошмайди. Сунъий йўлдошнинг ўзи эса Ердан 400  км баландликда жойлашади.

ALE’да таъкидланишича, сунъий “юлдузлар ёмғири” атроф-муҳитга ҳеч қандай зарар келтирмаслиги керак.  

JAXA “Эпсилон-4” ракетаси 17 январда Тинч океани бўйидаги Утиноура космодромидан учирилиши режалаштирилаётганини маълум қилган.

Мавзуга оид