Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Нодавлат умумтаълим ташкилотларининг намунавий уставини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Нодавлат умумтаълим ташкилотларининг намунавий уставига кўра, нодавлат умумтаълим ташкилоти юридик шахс мақомига эга тижоратчи (хўжалик ширкати ва жамияти, ишлаб чиқариш кооперативи, унитар корхона ва қонунларда назарда тутилган бошқача ташкилий-ҳуқуқий шаклда тузилган) ёки нотижорат (жамоат бирлашмаси, ижтимоий фонд, муассаса ва қонунларда назарда тутилган бошқача ташкилий-ҳуқуқий шаклда тузилган) ташкилот бўлиб, ўзининг алоҳида мулкига, банк муассасаларида ҳисоб рақамларига, ўз номи ёзилган думалоқ муҳрга, штампларга ва ўз рамзига эга бўлади.

Нодавлат умумтаълим ташкилотининг мақсади таълим олувчиларга умумий ўрта таълимнинг юқори сифатини таъминлайдиган қулай шарт-шароитлар яратиш, анъанавий таълим хизматлари билан бир қаторда сифатли ва оммабоп таълим олишнинг муқобил имкониятларини яратадиган пуллик таълим хизматлари кўрсатиш, илғор халқаро тажрибаларни инобатга олган ҳолда ўқитишнинг инновацион педагогик шакллари, услублари ҳамда замонавий технологияларидан фойдаланиш асосида умумий ўрта таълим соҳасидаги самарадорлик ва натижавийликни оширишдан иборат.

Нодавлат умумтаълим ташкилотининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

умумий ўрта таълимни ҳар бир шахс, жамият ва давлат манфаатларини кўзлаган ҳолда амалга ошириш, таълим олувчиларнинг жинси, миллати, дини, ирқий мансублиги ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар уларнинг ҳар томонлама камол топиши учун қулай шарт-шароитлар, ўз устида мустақил ишлашлари ва қўшимча билим олишлари учун имкониятлар яратиш;

таълим олувчилар томонидан мунтазам билим олинишини таъминлаш, уларда билим олиш эҳтиёжини ривожлантириш, базавий ўқув, илмий ва умуммаданий билимларни шакллантириш;
таълим олувчиларга миллий анъаналар ва умуминсоний қадриятлар асосида таълим бериш, миллий ҳамда умумбашарий қадриятларни уйғунлаштириш асосида юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни тарбиялаш, ўз ватанига ва халқига содиқ фуқарони шакллантириш;

илғор халқаро тажрибаларни инобатга олиб, ўқитишнинг инновацион шакллари, замонавий педагогик услублари ва технологияларидан фойдаланиш асосида умумий ўрта таълим соҳасидаги самарадорлик ва натижадорликни ошириш;

таълим олувчиларнинг индивидуал ижобий хусусиятлари ва қобилиятларини аниқлаш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, уларнинг юксак даражада таълим олишлари, ижодий имкониятларини ривожлантиришлари ва рўёбга чиқаришлари учун шарт-шароит яратиб бериш;