Сурхондарё вилояти маркази Термиз шаҳрининг “Аму соҳили”, Раъно Узоқова, “Гулистон”, “Жўйжангал” маҳаллалари аҳолиси жамоат транспорти қатновидан азият чекаётганини билдириб, таҳририятимизга мурожаат қилишди.

Биз мазкур маҳаллалар ҳудудида бўлиб вазият билан танишдик. Маҳаллаларда қарийб 10 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.

Шаҳарнинг жанубий қисмида жойлашган, Сурхон дарёсининг сўл соҳилидаги мазкур маҳаллалар бўйлаб ўтган марказий йўлда фақат 9-рақамли “Дамас” автомашиналари қатнови йўлга қўйилган.

Tas-IX

YouTube

Лекин қатнов линиясида “Дамас”лар сони чеклангани боис улар жами аҳолининг эҳтиёжини қондира олаётгани йўқ.

Айниқса, эрталаб ишга ва ўқишга боришда, кечқурун эса иш ва ўқишдан уйга қайтишда кўчалар бўйлаб катта навбат юзага келмоқда. Аҳоли маҳалланинг ичкарисидан 4 километр пиёда йўл босиб, шаҳар марказидаги катта кўчага чиқиб олишмоқда.

9-рақамли “Дамас”лар, масалан, икки ёш боласи билан йўлга чиққан онанинг ёнига тўхтамай ўтиб кетишади. Ёки охирги бекатга боргач, дарҳол тўлиб қолиб, шу билан шаҳар марказигача бошқа йўловчи олмасдан келишади — ўрта йўлларда турган одамлар сарсон.

“Жўйжангал” маҳалласида “Ўзтрансгаз” ДУКнинг Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси, ҳарбий қисм, қурилиш буюмлари бозори, ишлаб чиқариш корхоналари ва бошқа ташкилотлар бор. У ерга ҳам келиб кетишда қийинчилик пайдо бўлмоқда.