Ўзбекистон | 18:40 / 17.12.2018
17990
2 дақиқада ўқилади

Uzbekistan Airways 3 миллионлик довондан ўтди. Юбилей йўловчи тақдирланди

Жорий йилнинг 17 декабрь куни йил бошидан бери йўловчилар сони бўйича Uzbekistan Airways авиакомпанияси («Ўзбекистон ҳаво йўллари») қатновларида янги натижа қайд этилди. Авиакомпания ўз тарихида биринчи марта бир йилда 3 миллион нафар йўловчи ташишга эришди. Бу йўловчи HY334 Дубай-Тошкент қатновига рўйхатдан ўтган Искандар Фозилов бўлди.

Фозиловга Дубай шаҳри аэропортида рўйхатдан ўтаётган вақтидаёқ юбилей йўловчилиги маълум қилиниб, Boeing 787 самолёт бортида ҳам экипаж аъзолари номидан алоҳида табриклар эълон қилинган.

Авиакомпания махсус йўловчини бир кунда ташилган йўловчилар ўртача миқдорини аниқлаш тизими асосида аввалдан белгиланган. Қатнов ва йўловчи рўйхатдан ўтгандан сўнг аниқланган. Яъни, Дубайда аэропортда рўйхатдан ўтаётган вақтда унинг рекорд рақамли йўловчилиги аниқ бўлган.

Ушбу йўловчига совға сифатида самолёт макети, эсдалик сертификати ва бир йил ичида фойдаланилиши лозим бўлган бир марталик ҳар қандай йўналишда бориш-қайтиш ҳуқуқини берувчи имконият тақдим этилди. Шунингдек, уйига олиб бориб қўйиш учун махсус автомобиль билан ҳам таъминланди.

Kun.uz мухбири ушбу йўловчи билан суҳбатлашди.

«Менга юбилей йўловчисиз деб айтишганди. Лекин, бу даражада ташкиллаштирилишини кутмагандим. Туризм соҳасида ишлаганим учун хизмат юзасидан кўплаб сафарларга чиқаман. Бу сафар саёҳатга чиққандим. Бошқа авиакомпанияларда ҳам учиб кўрганман. Менга ўзимизнинг авиакомпания маъқул, айниқса, овқат масаласида. Хизмат кўрсатиш ҳам юқори даражада. Менимча, рейсларни янада кўпайтириш керак. Европага рейсларда вақтдан ушланиб қолиш ҳоллари бўлади», дейди юбилей йўловчи Искандар Фозилов.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йилда бундай маросим 2 миллионлик рекорд қайд этилганда ўтказилганди.

Мавзуга оид